Ўзбекистон | 10:17 / 28.02.2022
19277
2 дақиқада ўқилади

Озарбойжондаги элчихона ўзбекистонлик юк ташувчи ҳайдовчиларни огоҳлантирди

Фото: Shutterstock

Ўзбекистоннинг Озарбойжондаги элчихонаси мамлакат халқаро ташувчиларига юк автомобиллари ҳайдовчиларига нисбатан тақиқ мавжуд эмаслигини олдиндан текширишни тавсия қилмоқда, деб хабар берди «Дунё».

Ушбу тавсия «Юқори Ларс» назорат-ўтказиш пункти орқали Грузия-Россия чегарасини кесиб ўтиш вақтида ҳайдовчиларнинг Россия ҳудудига киришига рухсат берилмаётгани ҳолатлари давом этаётганига асосланмоқда.

Билдирилишича, бундай ҳаракатларга чегарани кесиб ўтаётган ҳайдовчи бундан аввалроқ Россия қонунчилигини бузгани, шу жумладан, турли жарималарни тўламагани учун депортация қилинганлар рўйхатига киритилгани сабаб бўлмоқда.

Юз бераётган ушбу ҳолатлар COVID-19 пандемиясига қарши курашиш доирасида қабул қилинган чекловлар сабабли ҳам мураккаблашмоқда.

«Ўз навбатида, ўзбекистонлик дипломатлар ҳар бир ҳолат бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, ватандошлар манфаатларини ҳимоя қилиш борасида мақсадли саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда», дейилади хабарда.

Элчихона яна бир бор ўзбекистонлик халқаро юк ташувчиларидан Россия ҳудудига, шу жумладан, Озарбойжон ва Грузия орқали ташувларни амалга оширишдан олдин хорижий мамлакатга кириш учун тақиқ мавжуд эмаслигини текшириб кўришни сўрайди.

Мавзуга оид