“Андижонқудуқтаъмирлаш” жамияти 1952 йилда Марҳамат тумани Полвонтош шаҳарчасида ташкил этилган. 70 йиллик тажрибага эга бўлган корхона 20 миллион АҚШ доллар миқдорида инвестиция киритган янги таъсисчи билан Фарғона водийси, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидаги мавжуд нефть ва газ конларида қудуқларни тўла ва жорий таъмирлаш ишларини амалга ошириб келмоқда.

Корхона туғилган кунида республика етакчи журналист ва блогерлари, жамоатчилик вакиллари учун пресс-тур ташкил қилди. Тадбир иштирокчилари “Андижонқудуқтаъмирлаш” МЧЖ фаолияти билан иш жараёнларида бевосита иштирок этиб, яқиндан танишди.

Ўзбекистон президентининг 2019 йил 9 июлдаги ПҚ-4388-сон қарорига асосан “Ўзбекнефтгаз” миллий ҳолдинг компанияси тасарруфига кирувчи сервис ташкилотлар устав капиталидаги улушлари Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилди.

2020 йил 1 октябрда жамият устав капиталидаги давлат улушлари инвестор Даврон Сулаймонов томонидан сотиб олинди. Жамиятнинг ишлаб чиқариш-иқтисодий фаолиятини яхшилаш мақсадида зарур чора-тадбирлар белгиланди.

Корхона моддий техника базасини қайта модернизация қилиш мақсадида инвестор томонидан киритилган катта сармоя ҳисобига махсус техника, тўла ва жорий таъмирлаш жараёнида зарур бўладиган замонавий асбоб-ускуналар, жиҳозлар, жумладан бурғилаш қувурлари сотиб олинди.

“Иш бошлаганимиздан буён корхонага 20 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритдик. Иккита бригада билан фаолият юритаётган жамиятда мана ҳозир 12 та бригада шаклланди. Ишчи-ходимлар сони 132 нафардан 560 нафарга етди. Хитой ва Россиядан замон талабидаги қудуқларни капитал-таъмирлаш станокларини олиб келдик.

Айни пайтда “Андижонқудуқтаъмирлаш” жамияти бурғилаш ва таъмирлаш соҳасида 30 га яқин замонавий махсус техникага, 20 дан ортиқ таъмирлаш ускуналарига эга. Ишчи-ходимларнинг вахта режимида ишлаши учун барча шароитлар яратиб берилган”, дейди Даврон Сулаймонов.