Ўзбекистон | 17:50 / 05.03.2022
27766
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда бемор танаси 16 даражагача совитилиб, 12 соатлик мураккаб технологик операция ўтказилди

Фото: ССВ

Ўзбекистонда бемор танаси 16 даражагача совитилиб, мураккаб технологик операция ўтказилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ўрта чирчиқлик Тўхтасин Деҳқонов 66 ёшда. У узоқ йиллар артериал гипертония касаллиги, яъни юқори қон босимидан жиддий азият чекиб келган. Шифокорларга ўз вақтида мурожаат қилмагани ва керакли муолажаларни олмагани сабабли хасталик оғир асоратларни келтириб чиқарган.

Шу йил январда МСКТ текширувидан сўнг унинг юрак–қон томир тизимида жиддий муаммо борлиги, аорта қон томирининг юқори қисми эса катта ҳажмда шишгани маълум бўлган. Аввалига бемор вилоятдаги ҳудудий шифохоналарда инфаркт ташхиси билан даволаниб юрган, аммо ўзгариш бўлмаган. Оқибатда икки ҳафта олдин пойтахтдаги шифохоналардан бирига ўта оғир аҳволда олиб келинган.

Шундан сўнг Россиянинг Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги марказида тажриба орттириб қайтган моҳир кардиожарроҳ, тиббиёт фанлари доктори, профессор Рустам Ярбеков бошчилигидаги шифокорлар беморни зудлик билан текширувдан ўтказди.

Томография текширувида аортанинг кўтарилувчи қисми ёрилиб, қаватларга бўлиниб, аортанинг тушувчи кўкрак қисмининг ўртасигача тромб ҳосил бўлгани аниқланди. Бу ёрилиш мия томирлари, уйқу, қўл ва ўмров ости артерияларига тарқалганлиги ҳамда аортанинг равоғи ва пастга тушувчи қисмигача ўтганлиги кузатилди.

Ташхис хулосаларидан сўнг вазият жиддий экани маълум бўлиб, бемор дарҳол операция столига ётқизилди. 12 соат давом этган мураккаб жарроҳлик амалиёти муваффақиятли якунланиб, отахон оғир дарддан буткул халос бўлди.  Айни пайтда бемор палатага олинган, аҳволи яхши.

— Операциянинг оғир ўтишини аввалдан билардик, — дейди Рустам Ярбеков. — Сабаби ҳам аортанинг кўтарилувчи ва тушувчи қисми, ҳам равоғи ҳамда мия томирларини сунъий протезлаш учун узоқ вақт талаб этилади. Қолаверса, мазкур амалиётнинг ноёблиги бемор танаси 16 даражагача совитилиб, танадаги қон айланиши 112 дақиқага тўхтатиб қўйилди. Фақат брахиоцефал ва уйқу артерияси орқалигина мия қон билан таъминлаб турилди.

Бу каби операцияларни ўтказиш учун анестезиолог, реаниматолог, перфузиолог каби малакали тиббиёт ходимлари билан бир қаторда сўнгги авлод сунъий қон айланиш ускунаси, гипотерм ва мияда қон айланиши ва оксигенацияни кўрсатувчи замонавий тиббий жиҳозлар талаб қилинади.

“Шу сабабли ҳам авваллари бундай амалиётлар фақат хорижда ўтказилган. Қувонарлиси, кардиохирургия соҳасига қаратилаётган юксак эътибор натижасида бугун юртимизда ҳам ана шундай ноёб операцияларни бажариш имкони яратилди. Бу эса мамлакатимизда кардиожарроҳлик соҳаси юқори даражага кўтарилганини кўрсатади”, дейилади хабарда.

Мавзуга оид