Президент Шавкат Мирзиёев 4 сентябр куни тиббиёт ва фармацевтика соҳасида кадрлар тайёрлаш, уларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва узлуксиз касбий таълим тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.
Таклифларга кўра, мамлакатда барча тиббиёт ва фармацевтика ходимларини қамраб оладиган ягона электрон реестр яратилади. У 16 та ахборот базаси билан интеграция қилиниб, ҳар бир мутахассиснинг таълими, малакаси ва касбий фаолияти ҳақидаги маълумотларни бир жойда жамлайди.
Мутахассисларни давлат рўйхатидан ўтказишдан олдин уларнинг назарий билими ва амалий тайёргарлигини мустақил баҳолаш тизими ҳам жорий этилади.
Баҳолаш дастлаб фундаментал ва клиник фанлар, кейин эса мутахассислик бўйича босқичма-босқич амалга оширилади. Бунинг учун ягона тест ва топшириқлар банки ҳамда замонавий симуляцион базалар ташкил этилади.
Имтиҳондан ўта олмаган мутахассисларга уни қайта топшириш имконияти берилади.
Эртароқ рўйхатдан ўтганларга устама таклиф қилинмоқда
Янги тизимга ихтиёрий тарзда эртароқ қўшилган ходимларни моддий рағбатлантириш ҳам режалаштирилган.
Имтиҳонни муваффақиятли топшириб, давлат реестрига киритилган олий маълумотли шифокор ва фармацевтика ходимларига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5 бараваригача устама бериш таклиф қилинди.
Ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун эса устама миқдори 2,5 бараваргача бўлиши мумкин.
Давлат рўйхатидан ўтказиш ва мутахассислар малакасини баҳолаш билан шуғулланадиган алоҳида марказ ташкил этилиши ҳам кўзда тутилган.
«Даволаш иши» ўрнига «Умумий тиббиёт»
Тиббий таълим тизимида ҳам жиддий ўзгаришлар режалаштирилмоқда.
2027-2028 ўқув йилидан «Даволаш иши» йўналиши ўрнига 6 йиллик «Умумий тиббиёт» бакалавриат дастурини жорий этиш таклиф қилинган.
Унга кўра, талабалар беш йиллик таълимдан кейин яна бир йил давомида тўлиқ амалий тайёргарликдан ўтади. Дастурни муваффақиятли тамомлаган битирувчилар оилавий шифокор сифатида ишлаш имкониятига эга бўлади.
Тиббиёт олийгоҳларига қабул квоталари ҳам энди ҳудудлар ва тиббиёт муассасаларидаги реал кадрлар эҳтиёжи ҳамда мутахассислар етишмовчилигидан келиб чиқиб шакллантирилиши режалаштирилган.















