Қизларга текин магистратура, барча аёлларга декрет пули ва қимматлашган автомобиллар — ҳафта дайжести
Декрет пули, боғча пули ва университет контракти бўйича енгиллик олаётган хотин-қизлар, нархларни оширган UzAuto Motors, яна муҳокамаларга сабаб бўлган ҳайдовчилик гувоҳномаси ва кенгайишда давом этаётган ҳукумат. Kun.uz якунланаётган ҳафтанинг муҳим мавзулари дайжестини тақдим этади.
Урушни оқлаб бўлмайди
Ҳафталигимиз аввалида Россиянинг Украинага бостириб киргани ҳақида икки оғиз тўхталиб ўтмоқчимиз.
Ўн кундан бери давом этаётган уруш аллақачон минглаб одамларни ҳаётдан олиб кетди. Миллиондан ортиқ инсон ватанини тарк этишга мажбур бўлди. Кимдир ёлғиз ўғлидан айрилди, кимдир ёлғиз суянчини йўқотди, юзлаб болалар етим қолди. Миллионлаб одамлар хавотирда яшаяпти, нарх-наво кўтариляпти, жиноят ва ёлғон, адолатсизлик ва эрксизлик қулоч ёзяпти.
Урушни оқлаб бўлмайди. Урушни ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди. Афсуски, урушнинг оқибатларини ҳеч ким унга сабаб бўлганларчалик камроқ ҳис этмайди. Оқибатларни энг кўп сиёсатдан йироқ оддий инсонлар ўз ҳаётларида – ё бир умрга ногирон бўлиб қолиш билан, ё бирор яқинини йўқотиш билан, ёки камбағаллашиши билан ҳис этади.
Биз Россиянинг Украинага ҳужумини холис ва умумэътироф этилган инсонпарварлик принциплари асосида ёритиб боряпмиз. Ҳафталик дайжестимизда эса бу ҳақда тўхталмоқчи эмасмиз. Томонлар имкон қадар тезроқ музокаралар орқали ўт очишни тўхтатишга келишиб олишларига астойдил умид қилиб қоламиз.
Таъкидлашни истардикки, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизда изоҳларни кузатиб, босқинни оқлаётган ҳамюртларимиз кўплигидан чуқур афсусдамиз. Юқорида таъкидлаганимиздек, урушни ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди. Бир гуруҳ инсонлар қабул қилган қарорлар учун буни оқлаётганлар ҳам, қоралаётганлар ҳам, ҳатто бетарафлар ҳам биргаликда товон тўлайди. Чунки урушда ғолиб бўлмайди.
***
Хотин-қизларга байрамолди туҳфалар
Ҳафта давомида янграган энг яхши янгиликлардан бири – хусусий секторда ишлайдиган аёлларга декрет пули қисман давлат томонидан тўланадиган бўлди. Президент топшириғига асосан, бундай тартиб 1 сентябрдан бошлаб йўлга қўйилади.
Шавкат Мирзиёев 1 март куни ўтказилган йиғилишда, ҳомиладорлик нафақаси сабабли хусусий секторда аёлларни расмий ишга олишдан қочиш ҳолатлари борлигини афсус билан қайд этди. Янги тартиб ўрнатилгач, хусусий сектордаги аёлларга 4 ойга 2 миллион сўм миқдорида бир марталик ҳомиладорлик нафақаси бюджетдан тўлаб берилади.
Йиғилишда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича бошқа чоралар ҳам белгиланди. Масалан, Ўзбекистонда давлат олийгоҳларининг магистратурасида ўқиш қизлар учун текин деб эълон қилинди. Бу тартиб 2022/23-ўқув йилидан кучга киради. 23 минг нафар бўлажак магистрант қизнинг контрактини тўлашга бюджетдан 200 млрд сўм ажратилади.
Бундан ташқари, ҳар йили 50 нафар қизлар нуфузли хорижий олийгоҳларга бакалавриатга, 10 нафари магистратурага юборилади. Ҳар битта вилоятда эҳтиёжманд оиладаги қизлардан 150 нафарининг контракти маҳаллий бюджетдан тўлаб берилади. Ёш фарзанди бор талаба-қизларга масофавий ўқишга шароит яратилади. Докторантурада хотин-қизлар учун ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратилади. Шунингдек, тўқимачилик соҳасида алоҳида университет ташкил этилади, жойларда унинг техникумлари ҳам очилади.
Яна бир муҳим янгилик: Эҳтиёжманд ва ёлғиз аёллар фарзандлари учун давлат боғчалари тўловлари бюджетдан қоплаб берилади. Йирик ишлаб чиқариш корхоналари боғча ташкил қилса, улардаги тарбиячиларнинг иш ҳақини давлат ўз зиммасига олади. Бундан ташқари, 27 минг нафар аёлнинг уй-жой шароитини яхшилаш бўйича режалар белгилаб олинган.
***
UzAuto автомобиллар сотувини бошлади, нархлар кўтарилди
Икки ярим ойлик танаффусдан кейин, UzAuto Motors автомобиллар сотувини тиклади. Кутилганидек, нархлар оширилди. Spark, Nexia ва Cobalt 10 фоизга, Gentra 12 фоизга қимматлашди.
Аслида, янги машина олиш ниятидаги харидорларнинг бир қисми учун нархлар 10-12 фоизга эмас, ундан анча кўпроққа ошди дейиш мумкин. Чунки бюджет моделлар – Spark, Nexia ва Cobalt'нинг нисбатан арзонроқ механик узатмали комплектациялари ҳамон сотувда йўқ. Бу ерда яримўтказгичлар муаммоси сабаб бўла олмайди; афтидан, компания бутловчи қисмлар етишмовчилиги баҳонасида кўпроқ фойда қоладиган автомат узатмали машиналарини кўпроқ сотишга қарор қилган кўринади.
Президент топшириғига биноан, олдиндан тўлов миқдори 85 фоиздан 50 фоизга туширилган. UzAuto Motors Nexia'ни атиги бир неча кун ичида, Cobalt'ни эса кейинги ойдаёқ етказиб беришни ваъда қиляпти. Компания хабарига кўра, сотув бошлангач бир неча соат ичида 13 мингта автомобил учун шартнома қилинган, шундан салкам ярми – Gentra харидига оид.
Маълум бўлишича, сотувнинг биринчи кунидаги шартномаларнинг 52 фоизи олибсотарлар билан тузилган бўлиши мумкин. Бу ерда икки ва ундан ортиқ автомобилга буюртма берганлар ҳақида гап кетяпти. 3 март куни 35та автомобил учун шартномалар тузган харидор бу борада рекордчи бўлган. Компания бу каби ҳолатларга қарши курашиш учун шартномага янги банд киритди; унга кўра, харидор биринчи буюртма берган машинаси ҳали салондан чиқмай туриб яна бошқа машинага буюртма берса, иккинчи ва ундан кейинги буюртмаларни етказиб бериш муддати ярим йилга чўзилади.
Аввалроқ, UzAuto Motors'дан сотиб олинган машиналар “ГАИ”да фақат харидор номига расмийлаштириладиган тартиб ўрнатилганди. Шу каби йўллар билан олибсотарларга қарши курашиш қанчалик тўғри, очиғи билмадик, лекин шуниси аниқки, муаммонинг ечими бу эмас. Энг оддий ва тўғри ечим: симптомлар биланмас, сабаблар билан курашишдир.
Бироқ сўнгги воқеалар шуни кўрсатадики, ҳозирча ҳукумат сабабларга қарши курашишни, яъни маҳаллий ишлаб чиқарувчини қўллашни бас қилишга шошилаётгани йўқ. Яқинда маълум бўлишича, UzAuto Motors бюджетга 3 фоизлик йиғим ва импорт божига қўшиб, утилизация йиғимини ҳам тўламаётган бўлиши мумкин. Бир гуруҳ депутатлар бу борада Молия вазирлиги ва Божхона қўмитасига киритган сўровга, икки йил олдин бўлгани каби, яна махфий жавоб келган.
***
Ҳайдовчилик гувоҳномаси атрофидаги муҳокамалар
Ҳафта давомида ҳайдовчилар учун бир нечта бошқа янгиликлар ҳам пайдо бўлди. 1 мартдан бошлаб, ҳайдовчи биометрик паспорт ёки ID-картаси ёнида бўлса, бошқа ҳужжатларни ЙПХ ходимига кўрсатиши шарт эмас.
Биз бу янги тартибни олқишлаган ҳолда, масъулларга қонунчиликдаги айрим хатоликларни тўғрилашни эслатган бўлар эдик. Масалан, ҳайдовчиларга нафақат паспорт ёки ID-карта, балки биргина ҳайдовчилик гувоҳномасини ёнида олиб юриш ҳуқуқини ҳам бериш керак. Чунки аслида ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам, паспорт ва ID-карта каби, шахсни тасдиқловчи ҳужжат мақомига эга.
Бундан ташқари, қонунда паспорт ёки ID-карта дейилган бўлса-да, ҳукумат қарорида фақат ID-карта кўрсатилгани тушунмовчиликларга сабаб бўляпти. Яъни, қонун бўйича, ҳайдовчи ЙПХ ходимига фақат паспортини тақдим этиш ҳуқуқига ҳам эга, амалда эса ходимлар ё ID-карта, ё анъанавий ҳужжатлар тўпламини тақдим қилишни сўраётган ҳолатлар учраяпти.
Тугаётган ҳафтада, ҳайдовчиларга оид қонунчиликда тузатиш киритиш керак бўлган яна бир ҳолат борлиги аён бўлди. Бу – ҳайдовчилик гувоҳномаси йўқотиб қўйилса, янгисини олиш учун имтиҳон топшириш кераклиги. Интернетдаги муҳокамалардан кейин маълум бўлишича, бунақа қоида 1998 йилдан бери амал қилиб келади. Яъни бу янги қоида эмас.
Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиевнинг тахмин қилишича, бу тартиб фирибгарлик ва сохта ҳайдовчилик гувоҳномалари берилишининг олдини олиш мақсадида жорий этилган. Яъни умуман “права”си йўқ одам, “йўқотиб қўйдим” деб алдаб, ўрнига янгисини ололмаслиги учун қилинган. Чунки 90-йилларда буни текширишнинг имкони бўлмаган ёки сохталаштириш осон бўлган.
Ҳозир эса бунақа муаммо йўқ: ҳайдовчилик гувоҳномасини ким, қачон, қаерда олгани электрон базада бор ва буни текшириш жуда осон. Шу сабабли гувоҳномасини йўқотиб қўйган ҳайдовчидан имтиҳон олиш тартибини бекор қилиш керак. Ахир “права” йўқотиб қўйилгани бу ўша ҳайдовчининг малакаси ва билими ҳам йўқолиб кетди, дегани эмас-ку, дейди ҳуқуқшунос.
Дарвоқе, 1 мартдан бошлаб гувоҳномангизни йўқотиб қўйсангиз, буни сездирмай юришингиз ҳам мумкин: рулга ўтирганингизда паспорт ёки ID-картангизни ўзингиз билан олиб юрсангиз бўлгани.
***
Ҳукумат кенгайишда давом этмоқда
Ўзбекистонда давлат бошқаруви органлари сони икки ҳафта ичида иккитага кўпайди. Аввалига Туризм ва спорт вазирлиги яна иккига бўлиниб, Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Спортни ривожлантириш вазирлиги тузилди. Кўп ўтмай Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги сифатида қайта ташкил этилди. Шунингдек, Хотин-қизлар ва оила ишлари давлат қўмитаси очилди.
Афтидан, ихчам ва самарали ҳукумат ташкил этиш масаласи буткул кун тартибидан олиб ташланган. Давлат бошқаруви аппарати кенгайгандан кенгайиб боряпти. Янгидан янги вазирликлар, агентликлар, қўмиталар тузиляпти; барча вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда уларнинг бўлимлари ташкил этиляпти.
Бироқ яхши янгиликлар ҳам бор. Бир неча йилдан бери кечикиб келаётган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун Қонунчилик палатасида қабул қилинди. Бу қонун давлат органларида ишлаётган 120 мингдан ортиқ ҳарбий бўлмаган раҳбар ва ходимларга тааллуқли.
Қонун билан давлат хизматининг муҳим институционал асослари белгиланган, бироқ уларнинг амалда ишлаб кетиши эҳтимоли юқори эмас, шу сабаб ҳужжатнинг энг асосий амалий нормалари – тақиқлар мавзусига тўхталсак.
Қонунни Сенат маъқуллаб, президент имзоласа, давлат хизматчиларига нафақат тадбиркорлик билан шуғулланиш, балки корхона муассиси бўлиш ҳам тақиқланади. Агар бу қоида амалда ишласа, кўплаб давлат хизматчилари ўзларига қарашли корхоналар эгалигини расман топширишлари керак бўлади. Албатта, энг таниқли амалдорларимиз ҳам шулар жумласидан.
Бундан ташқари, давлат хизматчиларига ўзининг яқин қариндошини ишга олиш ва яқин қариндошининг бўйсунувида ишлаш ҳам тақиқланади. Бу қоида қуда-андачилик ришталарига эга шахсларга ҳам тааллуқли бўлади.
Давлат хизматчиларига педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан шуғулланиш ман этилиши кутиляпти. Улар ўз мавқейидан фойдаланиб ёки ўз хизмат вазифасини бажариш эвазига ҳар қандай турдаги мукофот ёки совға олиши ман этилади. Шунингдек, давлат ишига кирганлар Ўзбекистондан ташқарида бирор бир активга эга бўла олмайди.
Фикримизча, бу қоидаларнинг амалда қанчалик ишлаши икки нарсага боғлиқ: қонунни бузганлик учун жазо муқаррарлиги ва жазонинг оғир-енгиллиги. Буни биз, масалан, коррупцион ҳолат – манфаатлар тўқнашувига оид янги қонун мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Ўтган йили манфаатлар тўқнашувига йўл қўйганлик учун жазо киритилган эди. Узоқ вақт ишламай келган ўша қонун яқинда Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқовга келганда ишлаб кетди ва суд тайинлаган энг оғир қонуний жазо истеҳзоларга сабаб бўлди: ўз оиласига тегишли компанияга 1,8 млрд сўмлик давлат буюртмасини бергани учун 8,1 млн сўм жарима.
Дарвоқе, амалдорларимиз ҳозирча ўз компанияларини бировнинг номига ўтказишга шошилмасалар ҳам бўлади, бемалол совға-салом олаверишлари ҳам мумкин. Давлат хизматчиларига оид қонун нормаларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланиши ҳақида ҳозирча гап-сўз йўқ.
***
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Марказий банк кутилмаганда рубл курси бўйича мақбул коридор белгилаб, бир кундан кейин уни бекор қилди – иқтисодчилар бу қарорни қулаётган рублдаги рискларни сўмнинг бўйнига юклаш деб атаганди.
Уруш бошланганидан бери Ўзбекистон Украинадаги 3 мингга яқин фуқаросини эвакуация қилди. Полша президенти Анжей Дуда Ўзбекистоннинг бу борадаги хатти-ҳаракатларини ўрнак қилиб кўрсатди. Президент Шавкат Мирзиёев халқаро вазият оқибатларини юмшатиш бўйича режа ишлаб чиқишга топшириқ берди. Давлат раҳбарининг Исломободга ташрифида Ўзбекистон ва Покистон ўртасида стратегик шериклик тўғрисида декларация имзоланди.
Барча давлат ташкилотларида талабаларнинг ишлашига рухсат бериладиган бўлди, президент 1-, 2- ва 3-курс талабаларининг камида 30–40 фоизини ишга жойлаш вазифасини қўйди. 2050 йилга бориб Ўзбекистонда табиий газ, кўмир ва нефт маҳсулотларидан ёқилғи сифатида фойдаланиш тўхтатилиши маълум қилинди.
Тошкентда экобошқарма рухсати билан дарахтзор кесиб юборилди. Навоийда шифокор беморнинг онасини жинсий алоқага мажбурлаши билан боғлиқ ҳолат ортидан унинг раҳбари ишдан олинди. Ички ишлар вазирлиги одамни юзидан таниб олувчи камерали сунъий интеллект тизими устида иш бошлаганини эълон қилди.
***
Сиз ортда қолаётган ҳафтанинг Kun.uz талқинидаги энг асосий мавзулари дайжестини томоша қилдингиз. Тезкор, аниқ ва холис янгиликларни Kun.uz'да кузатишда давом этинг. Дам олиш кунингиз мароқли ўтсин!
Мавзуга оид
20:00 / 16.11.2024
Пискентдаги кўргилик, панел импортига чеклов ва Европани ёритадиган Ўзбекистон — ҳафта дайжести
20:00 / 09.11.2024
Машина импортига янги тўсиқ, икки карра қимматлаган пропан ва “замҳоким”га 2 млн $ пора — ҳафта дайжести
21:45 / 02.11.2024
Йўллардаги қоидабузарликлар учун янги жарималар, очилган «ис гази мавсуми» ва сайлов якунлари — ҳафта дайжести
18:27 / 31.10.2024