Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосарларидан бири ишдан бўшатилди. У вазир ўринбосари бўлиши кутилмоқда
Тошкент шаҳар ҳокимининг Мухтор Муҳиддиновни эгаллаб турган лавозимидан озод қилиш ҳақидаги қарори 3 март куни қабул қилинди.
Қарор матни орадан олти кун ўтиб, яъни 8 март куни Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган қарорларни ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон тизими – E-qaror.gov.uz сайтига жойланган.
Шу пайтгача Тошкент шаҳар ҳокимлиги раҳбарияти сафидаги ўзгариш ҳақида на пойтахт ҳокимлигининг расмий сайти ёхуд ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ва на оммавий ахборот воситаларида хабар берилган.
Мухтор Муҳиддиновнинг ишдан олинишига нима сабаб бўлгани номаълум. Шаҳар ҳокимининг қарорида у бошқа ишга ўтаётгани муносабати билан ҳоким ўринбосари – шаҳар каналларидан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи лавозимидан озод этилгани қайд этилган. «Gazeta.uz»нинг ёзишича, у маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари сифатида фаолиятини давом эттиради.
Мухтор Муҳиддинов ушбу лавозимга 2020 йилнинг ноябрида тайинланганди. У 1973 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1996 йилда Тошкент давлат техника университетини, 2004 йилда Ўзбекистон стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш олий мактабини тамомлаган. Мутахассислиги механик, сиёсатшунос.
Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ўринбосари этиб тайинлангунга қадар у Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи сифатида ишлаб келган.