Жамият | 09:35 / 09.03.2022
64469
2 дақиқада ўқилади

Андижонда ўсмир йигит "самосуд" қилингани акс этган видеога ИИБ изоҳ берди

Фото: Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда “Андижонда кўча бўлишни хоҳлаб қолган отасининг болаларига қарайдиганлар борми?” сарлавҳаси билан тарқалган видеотасвирлар юзасидан вилоят ИИБ ахборот хизмати муносабат билдирди.

Қайд этилишича, Шоҳжаҳон Азимов, Шаҳбозбек Маъруфжонов ва Илҳомжон Тошматов олдиндан ўзаро келишиб, ижтимоий тармоқлардаги обуначилари ва кўришлар сонини кўпайтириш ва сохта машҳурликка эришиш орқали мўмай даромад топишни мақсад қилган.

Улар 6 март куни ўзларига таниш бўлган Раҳматилло Мусаевга қўнғироқ қилишиб, “Фирибгар” номли қисқа метражли видеоролик ишлашаётганини айтишган ва унга фирибгар ролини ўйнаб беришни таклиф этишган.

Унинг розилиги билан Пахтаобод тумани “Дурдиёр” МФЙда жойлашган 22-уйда фирибгар ушланиб, дўппосланганлик ҳолати саҳналаштирилган. Ушбу ҳолатлар Шоҳрух Қўзиев томонидан тасвирга олинган.

Шунингдек, иккинчи тарқалган видеотасвирда Шоҳжаҳон Азимов ва Илҳомжон Тошматов ижтимоий тармоқлар орқали Шоҳрухбек Султонов билан ёзишмаларда ўзаро тортишиб кетиш давомида 7 март куни Избоскан тумани “Қўғай” МФЙ ҳудудида кўришиб орани очиқ қилиш мақсадида жанжаллашишади.

Ушбу жараёнлар Илҳомжон Тошматов телефонига тасвирга олиниб тарқатиб юборилган.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид