Ўзбекистон | 17:12 / 09.03.2022
7464
2 дақиқада ўқилади

Мораторийга қарамасдан Қашқадарёда дарахт кесиш давом этмоқда

Ноқонуний тарзда 10 туп қайрағочни кесган фуқарога нисбатан маъмурий баённома тузилиб, табиатга етказилган зарар 32,4 миллион сўм миқдорида ҳисобланган.

Фото: KUN.UZ

Қашқадарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг хабар беришича, бошқармага Ғузор туманидаги “Шўртангазкимё” МЧЖнинг ташқи сув таъминоти “В” устуни насос станцияси ҳудудида дарахт кесилаётгани бўйича мурожаат келиб тушган. Бошқарма ходимлари томонидан ҳудуд кўздан кечирилганда, ҳолат ўз тасдиғини топган.

Ўрганишлар давомида насос станцияси ходими Р.Э. станция биноси ҳовлисида ўсиб турган 10 туп ҳар хил диаметрдаги қайрағоч дарахтларини кесиб ташлагани аниқланган. Дарахтлар кўздан кечирилганда улардан 6 туп соғлом ҳолатдаги ва 4 туп санитар ҳолатини йўқотиб, қуриган қайрағоч таг қисмидан кесиб ташланганлиги маълум бўлган.

Ҳолат юзасидан Р.Э. га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисми билан маъмурий ҳуқуқбузарлик  баённомаси расмийлаштирилган ва табиатга етказилган зарар 32,4 миллион сўм ҳисобланган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар тегишли тартибда жиноят ишлари бўйича судга юборилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қарши давлат университети ҳудудида 38 туп дарахт ноқонуний кесилган. Шунингдек, Андижонда туғуруқхона олдидаги 12 туп қимматбаҳо дарахт кесиб ташланган. Бундан ташқари, Юнусобод туманидаги Амир Темур ва Чинобод кўчалари кесишмасида экилган элдор қарағайлари кечки пайт номаълум шахслар томонидан кесиб кетилган. Андижон ва Тошкентдаги ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган.

Президентнинг 30 декабрдаги фармони билан, Ўзбекистон ҳудудида дарахтларни кесишга мораторий муддатсиз даврга узайтирилган, тартибни бузганлик учун жарималар 5 баробарга оширилган, етказилган зарар 2 баробар қилиб ундирилиши белгиланган эди. Фармонда ноқонуний дарахт кесиш ҳолатларини фото ва видеотасвирга олиб жўнатганларга пул тўланиши ҳам кўзда тутилган. Шунга қарамасдан, жойларда ҳамон ноқонуний дарахт кесиш ҳолатлари тўхтамаяпти.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид