Жаҳон | 17:18 / 17.03.2022
41383
5 дақиқада ўқилади

«Буёғига қандай яшашимни билмайман» — миллиардер Фридман санкциялар туфайли пулсиз қолгани ва Путинга таъсир қила олмаслиги ҳақида гапирди

«Альфа-банк» асосчиси Михаил Фридман Bloomberg нашрига интерьвью бериб, Россиянинг Украинага бостириб кириши ва санкциялар ҳақидаги фикрларини айтиб ўтди.

Фото: Юрий Чичкова / Forbes

Фридман нақд пулсиз қолгани, ҳатто фаррошга тўлов қилиш имконияти йўқлиги туфайли уйни ўзи тозалаётгани, ўзига қўлланган санкциялар туфайли пулларидан фойдалана олмаётгани ва Лондондан кета олмаётгани ҳақида гапирди.

Украинага ҳужум ҳақида

«Мен аввалдан Украина қаттиқ қаршилик кўрсатишини билардим», дейди асли Львовдан бўлган Фридман. У Путин кенг кўламли ҳужум бошлаши мумкинлигига ишонмаганини айтади.
 
25 февраль куни, «ҳарбий амалиёт» эртасига Фридман Лондондаги LetterOne инвестҳолдинги ходимларига йўллаган мактубида рўй бераётган ҳодисаларни «фожиа» деб атаган ва қон тўкилиши тўхтатилиши тарафдори эканини айтган, аммо шахсан Путиннинг ўзини қораламаган.
 
Шунга қарамай, унинг сўзларига кўра, энди у учун Россияга қайтиш хавфли бўлиб қолган.

Санкциялар ҳақида
 
«Мен шокда эдим. Мен шунчаки нима деяётганини англамасдим», дея эслайди Фридман адвокатининг энди у санкциялар остида экани ҳақидаги сўзларига реакциясини эслаб, бу санкциялар унинг эркин ҳаракатланиши чекланиши ва ҳисоблари музлатилишини англатарди.

Фридманнинг ишонтиришича, Европа Россиядаги ҳокимият қандай тузилгани ҳақида тасаввурга эга эмас, акс ҳолда улар олигархлар ва бизнесменларга бундай санкциялар қўлламас эди.
 
«Агар Евроиттифоқ мен Путиннинг олдига бориб, унга урушни тўхтатишини айтсам, у менга қулоқ солади деб ўйлаётган бўлса, қўрқаманки, ҳаммаси ёмон. Бу шуни билдирадики, бундай қарор қабул қилаётганлар Россия ҳақида ҳеч нарса билишмайди. Бу эса хавфли», дейди у.

У миллиардерлар Путинга таъсир кўрсата олмаслигини таъкидлаган. 

Фридман Ғарб билан алоқалари, Ғарбдаги турли компаниялар ёки масалан Alfa Fellowship халқаро дастури уни санкциялардан ҳимоя қилади деб ўйлагани ҳақида гапирган.

«Биз чин дилдан Ғарбнинг дўстларимиз ва жазоланишимиз мумкин эмас деб ишонгангандик», дейди бизнесмен.

Путин ва сиёсат ҳақида

Фридманнинг сўзларига кўра, у ҳеч қачон Путин билан яккама-якка кўришмаган, фақат бошқа бизнесменлар билан бирга унинг қабулида бўлган. Путин билан кимнингдир ўртасидаги масофани у «ердан ойгача» деб қиёслаган. «Путинга урушга қарши нимадир дейиш, ўзини ўлдириш билан баробар», деган у.
 
Фридманнинг сўзларига кўра, у ҳамиша сиёсатдан йироқ юришга ҳаракат қилган, ҳозирда эса ўз дўсти Борис Немцов билан бизнесига зарар етмаслиги учун камроқ мулоқотда бўлгани учун афсусдалигини айтган, 2012 йилда Владимир Ашурковдан мухолифатчи Алексей Навальний билан яқин алоқада бўлгани учун «Альфа-групп»ни тарк этишни сўраганини ҳам афсус билан эслаган.

Ҳаёт тарзи ҳақида

Энди бизнесмен харажатлари учун Британия ҳукуматидан рухсат сўраши керак, ҳукумат лозим топса — рухсат беради. Бир ой учун бериладиган пул 2500 фунтни ташкил этади. 

«Уйни ўзим тозалашимга тўғри келадими? Ҳеч қиси йўқ, мен талабалигимда ётоқхонада кичик хонада беш киши бўлиб яшаганмиз, аммо 35 йил ўтиб бу кутилмаган иш», — деган Фридман.

«Аммо менинг қийинчиликларимни украиналикларнинг муаммолари билан таққослаб бўлмайди», дея қўшимча қилган миллиардер.

Унда Исроил фуқаролиги бор, аммо у ўша ерга кетиши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавобан у ерда уйи йўқлиги, қолаверса пулларидан фойдалана олмаслигини айтган. «Мен бу ерда асирликдаман», деган у.

Фридманнинг сўзларига кўра, унда яхта ҳам, самолёт ҳам йўқ, фақат Лондонда ва Москвада уйи бор, ота-онасининг Латвияда квартираси бор. Унинг ота-онасининг Львовдаги квартирасида эса айни вақтда 15 нафар қочқин яшамоқда.

«Буёғига қандай яшашимни шунчаки билмайман», дея сўзларини якунлаган бизнесмен.

  • Украина ҳудудида туғилган, Россияда бизнес қуриб, ривожлантирган Фридман 2021 йилда Forbes журнали томонидан Россия миллиардерлари рўйхатида 11-ўринга қўйилган - унинг бойлиги 15,5 млрд долларга баҳоланган.

Мавзуга оид