Каллас бу ҳақда 17 август куни Германиянинг Die Welt газетасида эълон қилинган интервюсида маълум қилди.
«Бу кузда мен уруш бошланганидан буён энг кенг санкциялар рўйхатини тақдим этаман. Агар у қабул қилинса, санкциялар остидаги россиялик жисмоний шахслар, компаниялар ва ташкилотлар сони бирданига учдан бирга кўпаяди», — деди у.
Европа комиссияси маълумотларига кўра, ҳозирда ЕИнинг Россияга қарши санкциялар рўйхатида қарийб 3 минг жисмоний ва юридик шахс мавжуд. Каллас Россия урушни тугатмагунига қадар унга нисбатан босимни кучайтириш зарурлигини таъкидлади.
АҚШ билан санкциялар бўйича позициялар яқинлашиши мумкин
ЕИ дипломатияси раҳбари санкциялар масаласида АҚШ ва Европа позициялари яна яқинлашишига умид билдирди. Унинг фикрича, АҚШ Сенатида Россияга қарши санкцияларни кучайтиришга қаратилган қонун ташаббусларининг илгари сурилиши бунга асос бўлиши мумкин.
Каллас Украинада кенг кўламли уруш бошланганидан буён Россияга қарши қабул қилинган 21 та санкциялар пакетини ҳам муваффақиятли деб баҳолади.
Унинг таъкидлашича, ЕИ санкциялари Россия учун катта иқтисодий йўқотишларга олиб келган. Каллас бу чоралар Россиянинг ҳарбий имкониятларига бир триллион евродан ортиқ зарар етказганини даъво қилди.
Каллас Россияни Украинага қарши «тизимли террор»да айблади
Интервю давомида Каллас Россияни Украинага нисбатан «тизимли террор» амалга ошираётганликда айблади. Унинг сўзларига кўра, Россия армияси Украина шаҳарлари, тинч аҳоли ва инфратузилма объектларига зарбаларни кучайтирмоқда.
Каллас БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича мониторинг миссияси маълумотларини ҳам тилга олди. Унга кўра, июл Украина тинч аҳолиси учун 2022 йил майидан буён энг кўп қурбон қайд этилган ой бўлган.
Шунингдек, ЕИ дипломатияси раҳбари Қора денгизда дон ташувчи кемаларга ҳужумлар глобал озиқ-овқат таъминотига хавф туғдираётганини билдирди. У Украина иттифоқчилари Россия президенти Владимир Путинга ўз мақсадларига эришиш имконини бермаслиги кераклигини таъкидлади.
Европа «гибрид таҳдидлар»га жавоб қайтариши керак
Каллас Европада гибрид таҳдидлар кучайиб бораётганини ҳам таъкидлади. У диверсиялар, жосуслик ҳолатлари ва киберҳужумларнинг аксариятини Москва билан боғлади.
У мисол сифатида Лейпциг аэропортида дрон билан боғлиқ ҳодисани, шунингдек, Россия ракеталари ва учувчисиз учиш қурилмаларининг Полша ҳамда Руминия ҳаво ҳудудини бузиб кириши билан боғлиқ ҳолатларни келтирди.
«Улар бизнинг қатъиятимизни текширмоқда ва мудофаамизни синовдан ўтказмоқда. Бундай ҳодисаларга йўл қўйиб бўлмайди. Агар биз жуда заиф жавоб қайтарсак, бундай ҳолатлар янада кўпайишини кўрамиз», — деди Каллас.
Унинг фикрича, Европанинг гибрид таҳдидларга самаралироқ қарши туришида Германиянинг разведка хизматларини ислоҳ қилиш режалари ҳам муҳим аҳамият касб этади.









