Марказий банк асосий ставкани 17 фоизга оширди. Бошқарув йиғилишидан кейин МБ раиси Мамаризо Нурмуродовнинг ОАВ юборган саволларга жавоблари эълон қилинди.

 Мамаризо Бердимуротович, ҳозирги геосиёсий вазият Ўзбекистон иқтисодиётига қандай таъсир кўрсатмоқда? Қайси асосий таъсир каналларини ажратиб кўрсатган бўлардингиз?

— Умуман олганда, ўтган 2021 йил жаҳон иқтисодиёти ва миллий иқтисодиётимиз учун ҳам пандемиядан кейин тикланиш йили бўлди. Охирги 15-20 кунда молия бозорларида ва асосий савдо ҳамкорларимизда иқтисодий вазият кескин ўзгарди. Ҳозирги қисқа муддатли беқарорликлардан келиб чиқиб иқтисодиётимиз ҳақида якдил хулоса қилиш тўғри бўлмайди.

Мамлакатимизда 2022-2023 йилларга мўлжалланган макроиқтисодий ва таркибий ислоҳотлар борасидаги чора-тадбирлар белгилаб олинган. Бу, ўз навбатида, ўрта ва узоқ муддатли истиқболда иқтисодиётга ташқи шокларнинг салбий оқибатларини юмшатиш имконини беради. Албатта, ташқи шоклар жорий йилга белгиланган макроиқтисодий кўрсаткичларга ўз таъсирини кўрсатади. Вазиятнинг тез ўзгарувчанлигини ҳисобга олган ҳолда, биз ўз ҳисоб-китобларимиз ва прогнозларимизни апрель ойида бўлиб ўтадиган навбатдаги Марказий банк бошқарув йиғилиши учун қайта кўриб чиқамиз ва эълон қиламиз.

Мен валюта курси, савдо ва молиявий каналларни асосий таъсир каналлари сифатида ажратиб кўрсатган бўлардим. Асосий савдо ҳамкорларимиз миллий валюталарининг қадрсизланиши сўмга қисқа муддатли девальвацион босимни юзага келтирмоқда. Жумладан, пул ўтказмалари ҳажми АҚШ доллари эквивалентида камаймоқда, аҳоли ва тадбиркорларда девальвацион кутилмалар ошди. Бундай босим муқаррар, лекин ўрта муддатли истиқболда, инқирознинг энг юқори таъсирли босқичи ўтганидан сўнг, савдо ҳамкорларнинг валюта курслари ўзининг мувозанатли қийматларига етади ва шунга мос равишда сўмнинг алмашув курсига босим ўтказишни тўхтатади.

Савдо канали деганда Ўзбекистон импорт қиладиган нефть, металлар, дон маҳсулотлари, ўсимлик ёғи каби қатор хомашё ва озиқ-овқат маҳсулотларининг жаҳон бозорларида нархи ошишини назарда тутяпман. Бундан ташқари, анъанавий юк ташиш йўналишлари мураккаблашмоқда, бу эса яна импорт қилинадиган товарлар нархининг ошишига олиб келиши мумкин.

Молиявий канал – бу инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун жалб этилиши режалаштирилган кредит линиялари кўринишидаги молиявий ресурслардир. Бўлиб ўтаётган воқеалар биз жойлашган ҳудудимизнинг (минтақамизнинг) инвестициявий жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун ҳам йирик инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун янги манбаларни излашга мажбур бўламиз ва бу албатта белгилаб олган