Ўзбекистон | 07:42 / 18.03.2022
7995
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Қозоғистон биринчи техник давлатлараро автобус қатновини амалга оширди

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида халқаро автобус йўналишларида йўловчи ташиш фаолиятини карантин талабларига қатъий риоя этган ҳолда қайта тиклаш жараёни бошланди.

Транспорт вазирлиги хабарига кўра, кеча Олмаота – Тошкент йўналишида илк техник қатнов амалга оширилди. Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридан йўлга чиққан автобус соат 14:00 да “Тошкент” автовокзалига етиб келди.

Шунингдек, ўзбекистонлик ташувчилар томонидан Тошкент – Олмаота йўналишда дастлабки техник қатнов амалга оширилиши режалаштирилган.

Техник қатновлар натижасидан келиб чиқиб, оммавий чипталарни сотиш куни ва йўлкира тарифлари қўшимча равишда эълон қилинади.

Дастлабки, босқичда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида Тошкент – Нурсултон, Тошкент – Олмаота, Тошкент – Қизилўрда, Тошкент – Туркистон, Тошкент – Иргели, Чирчиқ – Чимкент, Чирчиқ – Олмаота йўналишларида қатновларни амалга ошириш режалаштирилган.  

Бундан олдин Қозоғистонга автобус қатнови тикланаётгани, Россия бўйича музокаралар давом этаётгани маълум бўлганди.

Мавзуга оид