Қайд этиб ўтиш керак, Самарқанд халқаро аэропортининг мутлақо янгиланиши асносида аэровокзалнинг 4 қаватдан иборат биноси бутунлай қайта қурилди. Уни яратишда Мирзо Улуғбекнинг «Зижи Жадиди Кўрагоний» китобидан илҳом олинган ва очиқ турган китоб шаклида бунёд этилди.

Очилиш маросимида республика ва вилоят раҳбарлари, авиация соҳаси фахрийлари ва ходимлари иштирок этишди. Оммавий ахборот воситалари ходимлари, споттинг-блогерлар ҳам ҳозир бўлишди. Аввал рамзий тасма кесилди.

Тантанали очилиш маросимида сўзга чиққан бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов, Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ва бошқалар аэропортни замонавийлаштириш ташаббуси ва амалга оширилган ишлар, унинг аҳамияти ҳақида сўзлаб беришди.


Аэропорт биноси халқаро ва маҳаллий парвозлар учун бирдек мослаштирилди. Самолётларга чиқиш учун иккита дарвоза ва тўртта телескопик трап барпо этилди. Натижада, терминалнинг йўловчи ўтказиш қуввати аввалги 400 йўловчидан соатига 1000 йўловчига қадар — қарийб уч баробарга оширилди.


Аэродром комплексида бутунлай янги учиш-қўниш йўлаги, 4 та янги бурилиш йўлкалари, 26 та самолётга мўлжалланган тураргоҳлар барпо этилди.
Аэродром замонавий радиолокация ва ёритиш чироқлари билан таъминланди. Натижада аэропорт чироқлари осмонда 50 км масофадан кўзга ташланадиган бўлди. Бу жаҳондаги камдан кам аэропортларда мавжуд қулайлик.

Алоҳида қайд этиш лозимки, қурилиш ишлари лойиҳа асосида маҳаллий корхоналар ва ишчилар томонидан амалга оширилди. Бу ҳам ўз навбатида катта тажриба мактаби бўлди ва келгусида бундай лойиҳаларни ўз кучимиз билан амалга ошириш учун асос яратилди.















