Мурод Муҳаммаджонов

Вазирлар Маҳкамасининг “Тадбиркорлик субъектлари учун тенг рақобат муҳитини яратиш ва инсофли солиқ тўловчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди. Лойиҳа яратувчиси – Давлат солиқ қўмитаси.

Ҳеч бир ваколатли орган бозор нархини белгилаши керак эмас

Ҳозирги кундаги солиқ қонунчилигидаги тўхтовсиз ўзгаришлар ва янгиликларни тадбиркорлар ҳазм қила олмасидан ушбу низомнинг муҳокамага қўйилиши, фикримизча, яна нимадир янгилик қилиш мақсадида бироз шошма-шошарлик қилинган. Тўғри, Солиқ кодексининг трансферт ва бозор нархлари масалаларини тартибга солувчи моддалари 2022 йилнинг 1 январидан амалга киритилиши кўзда тутилган. Лекин солиқ маъмурчилиги масаласида амалга оширилаётган ўзгаришлар ва бу ўзгаришларга нафақат тадбиркорлар мослаша олмаётгани, балки солиқ органи томонидан тайёрланган дастурлар ҳам омма учун хатолик билан ишлаб келаётган бир пайтда бозор нархлари бўйича қўшимча солиқлар ҳисоблаш тартиби амалга киритилиши ортиқча.

Низомнинг номига эътибор беринг: Солиқ солиш мақсадида товар (хизмат)ларнинг бозор нархини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом. Айнан “бозор нархларини” аниқлаш, “белгиланган нархлар” эмас. Низомда эса бозор нархини аниқлашда товар (хизмат)лар бозорида талаб ва таклиф асосида шаклланадиган нархдан ташқари, ваколатли органлар ва баҳолаш ташкилотлари томонидан аниқланадиган ва (ёки) белгиланадиган нарх ҳам бозор баҳоси дейилиши кўзда тутилган.

Бозор нархи бозор талаб ва таклифи асосида шаклланадиган нархлиги тушунарли, бу иқтисодий термин ва ҳақиқатан шундай бўлиши керак. Лекин иккинчи қисмига эътибор беринг: “ваколатли органлар” томонидан аниқланадиган нарх, дейилмоқда. Бозор нархини кимдир эмас, айнан талаб ва таклиф белгилайди. Гап бозор нархи ҳақида кетар экан, ҳеч қайси органнинг ваколати йўқки, уни белгилашга. Низомнинг хатоси шу жойнинг ўзида.

Ҳозир бензиннинг нархи қаердадир 6 минг сўмга етмаса, қаердадир 8 минг сўм. Лекин бу қарор чиққач, унга асосланиб: “Ваколатли орган мана бу нархда сот, деган эди, сен бу нархда сотмаяпсан”, дея қўшимча солиқ солиш бошланмаслигига кафолат борми? Биринчи хато ва солиқ тўловчи билан тушунмовчилик шу ерда бошланади.