18:34 / 21.03.2022
41446

Қўқондаги «Ҳазрати Аббос» масжиди имом-хатиби оила аъзолари билан ис газидан заҳарланиб вафот этди

Қўқон шаҳридаги «Ҳазрати Аббос» масжиди имом-хатиби Саидкамолхон домла Маҳмудов турмуш ўртоғи ва уч нафар вояга етмаган фарзандлари билан хонадонида ис газидан заҳарланиш натижасида вафот этди.

Маълум қилинишича, Саидкамолхон домла 2014 йилдан буён Қўқон шаҳридаги «Ҳазрати Аббос» масжиди имом-хатиби вазифасида ишлаб келган. 21 март куни ўзи, турмуш ўртоғи ва уч нафар вояга етмаган фарзандлари билан хонадонида ис газидан заҳарланиши натижасида вафот этган.

«Жаноза намози бугун, 21 март куни соат 20:30 да марҳумнинг хонадони (Қўқон шаҳар Муқимий шаҳарчаси Сангзор кўчаси)да ўқилади», – дейилади хабарда.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, ҳозирда экспертиза ўтказилиб, ўлим сабаблари аниқланмоқда. Шунингдек, тергов ҳаракатлари ҳам олиб борилмоқда.

«Ҳудудгазтаъминот» матбуот хизмати хабар қилишича, ушбу хонадонда газ таъминоти ташкилоти мутахассислари ўрганиш ишлари олиб борган. Ўрганишда автомобил сақлаш жойида икки контурли иситиш қозони ўрнатилгани ва унинг тепасида ётоқхона жойлашгани қайд этилган.

«Шу билан бирга, дудбўронда носозликлар аниқланган, хусусан, унинг яхлитлиги бузилган. Бу эса ис гази тўпланишига сабаб бўлиши мумкин бўлган.

Шу билан бирга 2022 йил 18 феврал куни хонадондаги газ ускуналари профилактик кўрикдан ўтказилиб, хонадонда яшовчиларга ёнғин хавфсизлиги қоидалари бўйича тушунчалар берилган. Бу ҳақда махсус китобда қайд этилгани маълум қилинди», дейилади хабарда.

Аввалроқ Андижон вилояти Асака тумани Чек маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган «Асака зотли чорва» фермер хўжалиги биносида 3 кишининг жасади топилгани, тахминларга кўра, улар ис газидан заҳарланиб вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.

Top