Татаристон президенти Рустам Миннихонов амалий ташриф билан Ўзбекистонга келди
22 март куни Татаристон президенти Рустам Миннихонов амалий ташриф билан Ўзбекистон Республикасига келди.
Тошкент халқаро аэропортида уни бош вазирнинг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар бўйича ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов ҳамда Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Олег Малгинов кутиб олди.
Татаристон президенти матбуот хизмати хабарига кўра, бугун, 23 март куни Рустам Миннихоновнинг ишбилармон доиралар билан учрашувлар ва Ўзбекистон ҳукумати вакиллари билан музокаралар ўтказишдан иборат бўлган иш дастури режалаштирилган.
Рустам Миннихонов ва Татаристон делегациясининг Ўзбекистонга амалий ташрифи доирасидаги муҳим воқеалардан бири Чирчиқ кимё-саноат технопарки тамал тошини қўйиш ва қурилишини бошлаш маросимида иштирок этиш бўлади. У Қозоннинг «Химград» технополиси билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда. Технопарк ҳудудида юқори қўшимча қийматга эга ва халқаро сифат стандартларига мос нефть-кимё ва кимё маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш режалаштирилган.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Татаристон президенти Рустам Миннихонов қарори билан «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти ва «Химград» технополиси Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида Россия компаниялари ишлаб чиқаришини Ўзбекистонда маҳаллийлаштиришга мўлжалланган саноат паркини ташкил этмоқда.
Технопаркда электр таъминоти тармоқларига уланиш нуқталари бўлган ривожланган муҳандислик инфратузилмаси яратилади. Парк резидентлари учун солиқ имтиёзлари тақдим этилади, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириши ҳар томонлама қўллаб-қувватланади. Саноат паркини яратиш бўйича ишлар Ўзбекистон ва Татаристон ҳукуматлари кўмагида амалга оширилади, бунда Татаристон резидент компаниялари инвестициялари ҳам иштирок этади.
2021 йил якунига кўра Татаристон-Ўзбекистон товар айирбошлаш ҳажми қарийб 200 миллион АҚШ долларини ташкил қилди. Охирги 5 йил давомида Россия билан ҳамкорликнинг ўсиши доирасида Татаристон ва Ўзбекистон ўртасида савдо-иқтисодий алоқалар мустаҳкамланди.
Бугунги кунда вазирликлар, Савдо-саноат палаталари, корхоналар, ташкилотлар, олий ўқув юртлари ўртасида ҳамкорликка оид қатор шартнома ва меморандумлар имзоланган ҳамда улар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Татаристоннинг «КАМАЗ», «Татнефт», «Химград», «КЭР-Холдинг», «Татхимфармпрепараты», «ПОЗиС» ва бошқа етакчи компаниялари билан ҳамкорлик ишлари олиб борилмоқда.
Мавзуга оид
10:50 / 24.10.2024
Татаристон Ўзбекистонда қўшма иқтисодий ва саноат зоналари фаолиятини кенгайтиради
07:30 / 24.10.2024
Шавкат Мирзиёев Татаристоннинг "Дўстлик" ордени билан тақдирланди
17:06 / 29.09.2024
Татаристонда оғир автоҳалокатга учраган Ўзбекистон фуқароси ва унинг онаси ватанга қайтарилди
10:15 / 03.09.2024