Ўзбекистон ФВВ Татаристоннинг Нижнекамск шаҳрида украин дрони зарбаси оқибатлари бўйича қўшимча маълумот берди. Унга кўра, ҳалок бўлган ўзбекистонликлар сони 8 нафарни ташкил этмоқда, шунингдек, Ўзбекистоннинг яна бир неча фуқароси жароҳатланиб, шифохонага ётқизилган.

Қайд этилишича, улар қурилиш корхонасида қурувчи бўлиб ишлаган.

Маҳаллий расмийларга кўра, тунги ҳужум вақтида дронлардан бири Нижнекамскдаги саноат зонаси ҳудудида ишчилар яшаётган ҳостелга зарба берган. Бу зарба оқибатида Тожикистоннинг ҳам икки фуқароси ҳалок бўлган.

Татаристон раҳбари Рустам Минниханов Ўзбекистон ва Тожикистон президентларига ҳамдардлик билдириб, телеграмма юборган.

Украина қуролли кучлари бош штаби 10 августга ўтар кечаси Россиянинг «ҳарбий салоҳиятини пасайтириш доирасида» Украина мудофаа кучлари бўлинмалари «„Танеко“ нефтни қайта ишлаш заводи (Нижнекамск, Республика Татарстан, РФ)»ни нишонга олгани, «объектда ёнғин келиб чиққани»ни маълум қилган.

Ўзбекистон ФВВ хабарида президент Шавкат Мирзиёев топшириғига мувофиқ, бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида ҳукумат комиссияси ташкил этилгани маълум қилинган.

Ҳукумат комиссиясига ҳодиса оқибатида жабрланган фуқароларимизнинг ҳолидан хабар олиш ва уларга барча зарур ёрдам кўрсатиш, ҳалок бўлганларни ҳаво транспортида махсус рейс орқали олиб келиш ва тегишли манзилларга етказиш, шунингдек уларнинг оила аъзоларига ҳар томонлама кўмаклашиш вазифалари юклатилди.

Махсус ишчи гуруҳ Россия Федерациясига юборилиб, барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жабрланган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тўғрисида тезкор маълумот олиш учун:

Ўзбекистон Республикасининг Қозон шаҳридаги Бош консулининг +79656007979 телефон рақамига;

Миграция агентлигининг Россия Федерациясидаги ваколатхонасининг +79257508757, +9251270002 телефон рақамларига мурожаат қилиш мумкин.