Украина дронлари 10 август тонгида Нижнекамск шаҳрига ҳужум қилди. Татаристон раҳбари Рустам Минниханов ҳужум оқибатида 13 киши ҳалок бўлганини маълум қилган ва республикада мотам эълон қилган.

Маҳаллий расмийларга кўра, жами 75 киши тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган, шундан 21 киши шифохонага ётқизилган.

Маҳаллий нашрларда қурбонлар орасида Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари ҳам борлиги ҳақида айтилганди.

Кўп ўтмай Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги бош консулхонаси қурбонлардан 7 нафари ўзбекистонликлар эканини маълум қилди.

Бош консулхона ҳалок бўлган фуқароларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдириб, вафот этганларнинг жасадларини суд-тиббий экспертиза ва зарур расмий жараёнлар якунланганидан сўнг ватанга қайтариш бўйича тегишли ишлар амалга оширилишини маълум қилган.

Ҳозирда жабрланган ўнлаб кишилар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам борлиги бўйича маълумот берилмади. Шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари айнан қаерда ва қандай ҳолатда ҳалок бўлганига аниқлик киритилмаган.

ОАВга кўра, 10 август тонгида Нижнекамск шаҳридаги бир неча саноат корхоналари ҳужумга учраган. Хусусан, Нижнекамскдаги нефтни қайта ишлаш заводида ёнғин чиққани акс этган кадрлар тарқалган. Бундан ташқари, «Нижнекамскнефтехим» нефт-кимё комплексига ҳужум қилингани ҳақида хабарлар ҳам бор, ушбу корхонани ўз ичига олган саноат зонасида «Татнефт» (АО «ТАНЕКО») нефтни қайта ишлаш заводи ҳамда «ТАИФ-НК» нефтни қайта ишлаш комплекси ҳам жойлашган.