Украина дронлари 10 август тонгида Нижнекамск шаҳрига ҳужум қилди. Татаристон раҳбари Рустам Минниханов ҳужум оқибатида 13 киши ҳалок бўлиб, 39 киши яраланганини маълум қилган.

Расмийлар маълумотида «ишлаб чиқариш ва фуқаролик объектлари зарбага учрагани» маълум қилинган. Бошқа тафсилотлар келтирилмаган. Республикада мотам эълон қилинди. Нижнекамск шаҳри мэри Радмир Беляев қурбонлар орасида ёш бола ҳам борлигини айтган. Унинг сўзларига кўра, дронлар «нафақат саноат объектлари, балки турар жой секторига ҳам ҳужум қилган».

Украинадаги Supenova+ ва Exilenova+ телеграм-каналлари Нижнекамскдаги нефтни қайта ишлаш заводида ёнғин чиққанини хабар қилиб, шаҳар узра тутун кўтарилгани акс этган видеони эълон қилган.

Astra нашри тахмин қилишича, «Нижнекамскнефтехим» корхонаси («Сибур» ҳолдинги таркибига киради) ҳужумга учраган – бу Европадаги энг йирик нефт-кимё комплексларидан бири ҳисобланади. Ушбу корхона жойлашган саноат зонасида «Татнефт» (АО «ТАНЕКО») нефтни қайта ишлаш заводи ҳамда «ТАИФ-НК» нефтни қайта ишлаш комплекси ҳам бор. Нижнекамскдаги нефт объектлари бундан олдин ҳам украин дронлари зарбасига учраганди.

Россия мудофаа вазирлиги ҳисоботида қайд этилишича, тунда ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Россиянинг 16 та региони (улар орасида Татаристон ҳам бор) ва аннексия қилинган Қрим узра украинларнинг 456 та дронини уриб туширган.

Ҳудудий расмийлар ҳам уриб туширилган дронлар ҳақида хабар қилган. Ростов области губернатори Юрий Слюсар 70 дан ортиқ дрон тўхтатилганини айтган. Калуга области раҳбари Владислав Шапшанинг хабарида регион узра 16 та дрон уриб туширилгани ҳақида гап кетади. Бу хабарларда вайронгарчиликлар ва жабрланувчилар ҳақида айтилмаган.

Сергей Собянин эса Москва томон учаётган 18 та дрон зарарсизлантирилганини маълум қилган.

Аннексия қилинган Севастополда эса дрон «парчалари қулаши оқибатида» Инжир пляжи ҳудудида ёнғин чиққан. Пляж кемпингидаги одамлар эвакуация қилинган.