Ўзбекистонда йўл ҳаракати қатнашчиларига ЙПХ ходимининг ўз хизмат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолатда олинган фото ва видео тасвирларини унинг рухсатисиз тарқатмаслик мажбурияти юклатилиши мумкин.

Ички ишлар вазирлиги шуни назарда тутувчи ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқди. Лойиҳа 29 мартгача давом этадиган жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.

Тушунтириш хатида ёзилишича, ҳужжат лойиҳаси президентнинг “Ички ишлар органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2022 йил 8 февралдаги ПҚ–118-сон қарори 4-бандига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Мазкур қарор очиқ манбаларда йўқ; хусусан, lex.uz миллий ахборот базасига ҳам жойланмаган.

Муҳокамага қўйилган ҳукумат қарори лойиҳасининг изоҳида қайд этилишича, 118-сонли қарорнинг 4-бандида 3 ой муддатда ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг ўз хизмат вазифасини бажариш чоғида олинган видео ва фототасвирларни уларнинг рухсатисиз тўғридан тўғри интернет тармоғига жойлаштиришни тақиқлаш ҳамда бундай хатти-ҳаракат учун жавобгарликни белгилаш бўйича таклифлар киритиш вазифаси белгиланган.

Вазир ўринбосари ички ишлар ходимларини видеога олиб тарқатиш жавобгарликка сабаб бўлишини айтди. Ғиёсов изоҳ берди