Бу ҳақда Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев ўзининг Telegram каналида маълум қилди.
Ёшлар ишлари агентлиги қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда “Бўзатов иқтидорларни кашф этади!” шиори остида ўтказадиган “Ёшлар овози” танловининг янги мавсумига иштирокчиларни рўйхатга олиш Telegram’даги @YoshOvozBot орқали амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг 2020 йил 2 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари сессиясида берган топшириқ ҳамда кенгайтирилган тарзда ўтказилган мажлис баёнида белгиланган вазифалар ижроси асосида ташкил этилган мазкур танлов ўтган йили илк маротаба ўтказилишига қарамай, ёшлар орасида тез фурсат ичида ўз ўрнини топди. Танловнинг кастинг босқичида иштирок этиш учун 3 мингга яқин ёшлар онлайн тарзда ҳамда кастинг ўтадиган куни шу жойнинг ўзида рўйхатдан ўтказилди. Ҳар бир ҳудуддан истеъдодли деб топилган 87 нафар овоз эгалари республика босқичида яна бир бор ўзларини намоён этиб, улардан 21 нафари ғолиблар қаторидан жой олди. Аҳамиятли жиҳати, танловнинг барча жараёнлари – кастинг босқичидан тортиб, республика босқичигача холис ва ҳаққоний ўтишини таъминлаш мақсадида ҳар бир иштирокчининг чиқишлари тўлиқ тасвирга олиниб, танловнинг расмий ижтимоий тармоқларида жойлаштирилди. Бундан ташқари, тайёрланган махсус кўрсатувлар эфирга узатилди. Ҳудудларда ташкил этилган гала-концертларда эса ёшларнинг катта саҳналарда ўз санъатини намойиш этишлари учун имконият берди. Ҳаттоки, қисқа фурсат ичида танловнинг мадҳияси ҳам яратилиб, ёшлар орасида оммалашди. Таниқли санъаткорлар иштирокида “Юлдузлар Бўзатовга чорлайди!”, республика босқичи иштирокчилари орасида эса “Бўзатов бизни кут!” каби флешмоблар кенг қизиқишларга сабаб бўлди. Бир сўз билан айтганда Қорақалпоғистон Республикасининг қайта тикланган Бўзатов тумани ёш санъат ихлосмандларини бирлаштирадиган янги маданият ва санъат ўчоғига айланди.














