28 март куни Миллий матбуот марказида “Ўзбеккосмос” агентлиги матбуот анжумани ўтказди. Тадбирда Kun.uz мухбири агентлик директори Шуҳрат Қодировдан Ўзбекистон қачон ўз сунъий йўлдошини учириши ҳақида сўради.
Мухбир бу борада инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов 2018 йилда айтган фикрларни эслатган. Ўшанда вазир Ўзбекистоннинг яқин келажакда ўз сунъий йўлдошини учиришини муҳим стратегик йўналишлардан бири сифатида қайд этганди.
“Сабаби бизда аэрокосмик тадқиқотлар йўқолиб кетган эди. Давлат раҳбари ўз мурожаатномасида ҳам бу ҳақда жуда тўғри айтди. 25 йил давомида бу соҳада фаолият олиб бормадик ва аэрокосмик ҳудудимизда бизда эгалик йўқ. Шундан келиб чиқиб, бу соҳада ҳозир стратегик режалар ишлаб чиқиляпти, қўйиладиган энг катта қадамлардан бири – яқин вақтлар ичида ўзимизнинг сунъий йўлдошларимизни учирамиз. Ўзбекистоннинг аэрокосмик ҳудудида сунъий йўлдошларимиз бўлади.
Бунинг натижасида ҳаёт бирданига кескин ўзгаради. Сабаби оддий телевидениедаги узатишлар, интернет тезлиги ошади. Бу соҳада қатор ишларни амалга оширмоқдамиз. Албатта, қилинадиган ишлардан энг каттаси – аэрокосмик тадқиқотлар ўтказиладиган алоҳида институтлар шакллантирилади”, – деганди вазир тўрт йил олдин Халқаро пресс-клуб сессиясида.

“Ўзбеккосмос” агентлиги раҳбари Шуҳрат Қодиров эса сунъий йўлдош орқали олинадиган интернет анча секин ва катта маблағ талаб қилгани учун уни учириш унчалик фойдали эмас, деб ҳисоблайди.
“Саволингиз жуда ўринли. Ким билан мулоқотда бўлмайлик, бу масалани тез-тез кўтаришади. 2018 йилда [“Ўзбеккосмос”] агентлик очилиши бўйича ташаббуслар бўлган, 2019 йилда президент фармони имзоланган. Биз 2020 йил охирида шу фармон ва Вазирлар Маҳкамаси қарорини таҳлил қилиб, уларга бу масала бўйича яна бошқатдан олиб кирдик. У ерда ёзилган нарсаларни ҳаммасини бажаришга биз ҳаракат қилдик, чунки бу бизга юклатилган вазифа, лекин ўша пайтда ёзилган кўп нарсалар... Ким буни ёзиб, ташаббус қилган бўлса, унга аниқ жавоблар ва молиялаштириш бўлиши керак.
















