Ўзбекистон | 07:44 / 01.04.2022
7908
3 дақиқада ўқилади

2023 йилдан текшириш учун фуқарони ички ишлар бўлимига олиб бориш амалиётидан воз кечилади

Фото: Kun.uz

Вазирлар Маҳкамасининг “Ички ишлар органлари патруль-пост хизмати фаолиятига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

2023 йил 1 январдан бошлаб ички ишлар органларида босқичма-босқич “Е-patrul” тизими жорий этилиб, текшириш учун фуқарони ички ишлар бўлимига олиб бориш амалиётидан воз кечилади, барча маълумотлар жойида планшет орқали текширилиб, патруль-пост хизмати ходимлари фаолияти “бодикамера”дан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши йўлга қўйилади.

Патруль-пост хизмати саф бўлинмалари ходимлари томонидан жамоат жойларида ҳуқуқбузарликлар содир этишда гумон қилинаётган фуқаролар ва бошқа шубҳали шахсларни электрон идентификация қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади, унда қуйидагилар назарда тутилади:

  • “Е-patrul” тизимидан фойдаланиш тартиби;
  • патруль-пост хизмати ходимлари ҳаракатларини қайд этувчи техник воситалардан фойдаланиш тартиби;
  • бодикамералар орқали қайд этилган маълумотларни ҳисобга олиш ва сақлаш тартиби;
  • “Е-patrul” тизимидан фойдаланишда ходимнинг мажбуриятлари.

Ички ишлар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда:

  • планшет орқали шахсни биометрик идентификация қилишда фойдаланиладиган “Е-patrul” дастурий комплексининг техник топшириғи, дастурий таъминоти ва мобиль иловасини ишлаб чиқади ҳамда техник топшириқ “Киберхавфсизлик маркази” давлат унитар корхонасида давлат стандартларида ўрнатилган талаблар бўйича экспертизадан ўтказилишини, унинг асосида ишлаб чиқилган ахборот тизимини ишга туширишдан аввал тизим техник топшириқ ва ахборот хавфсизлиги талабларига мослиги юзасидан экспертизадан ўтказилишини, дастурий таъминот ва мобиль илованинг жорий этилгунга қадар сертификатлашини таъминлайди;
  • низомга мувофиқ ички ишлар органлари, хусусан патруль-пост хизмати ходимларининг “Е-patrul” тизими, планшет ва бодикамералардан фойдаланиш тартиби юзасидан ўқув машғулотларини ташкиллаштиради;
  • “Е-patrul” тизимининг ахборот ва киберхавфсизлигини таъминлаш ҳамда техникаларига доимий хизмат кўрсатадиган тегишли таркибий бўлинмани масъул қилиб белгилайди.

“Е-patrul” тизими фаолиятини рақамлаштиришда зарур компьютер ва бошқа ускуналарни харид қилиш билан боғлиқ харажатлар Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид