Вазирлар Маҳкамасининг “Ички ишлар органлари патруль-пост хизмати фаолиятига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Патруль-пост хизмати саф бўлинмалари ходимлари томонидан жамоат жойларида ҳуқуқбузарликлар содир этишда гумон қилинаётган фуқаролар ва бошқа шубҳали шахсларни электрон идентификация қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади.
Низомга кўра, ҳуқуқбузарлик содир этишда гумон қилинаётган фуқаролар ва бошқа шубҳали шахслар қуйидаги тартибда текширилади:
- гумон қилинаётган фуқаро ёки шубҳали шахс билан суҳбатлашишдан олдин ходим ўзини таништиради ва хизмат гувоҳномасини кўрсатиш талаб этилган ҳолларда ходим томонидан хизмат гувоҳномаси фуқарога тўлиқ танишиб бўлгунга қадар кўрсатилади, бироқ кўрсатишни талаб қилган шахснинг қўлига ушбу гувоҳномани бериш тақиқланади;
- фуқаронинг шахсига аниқлик киритишда, муомала маданиятига риоя қилган ҳолда “Е-patrul” тизими орқали идентификациялаш учун, планшет ёрдамида шахснинг бармоқ излари планшетнинг махсус сканери ёрдамида, агар бармоқ изи билан идентификация қилиш имкони бўлмаса, унинг юз тузилиши (юзнинг олд томони) расмга олиш орқали текширилади;
- гумон қилинаётган фуқаро ёки шубҳали шахс билан мулоқотга киришаётганда ходим ҳушёрликни йўқотмасдан, ўзини оғир, вазмин тутиб, ҳар қандай кутилмаган ҳаракатга қарши тайёр туриши лозим;
- гумон қилинаётган фуқаро ёки шубҳали шахс билан суҳбат жараёнида ходим тамаки маҳсулотларини чекиши, бирор нарсани истеъмол қилиши, уяли алоқа воситаси орқали суҳбатлашиши ёки шахсга нисбатан ҳурматсизлик деб қабул қилиниши мумкин бўлган бошқа ножўя хатти-ҳаракатларни содир этиши мумкин эмас;
- тақдим этилган ҳужжатларни эҳтиёткорлик билан кўздан кечиради, ҳужжатларни текшираётганда унинг ичида ишга тааллуқли бўлмаган буюмлар бўлса, уларни эгасига қайтаради (ноқонуний буюмлар бундан мустасно).
Ходимларга бириктирилган планшетлар доимий равишда соз, батарея қуввати тўлдирилган ва дастурий-техник таъминоти ишчи ҳолатда бўлиши лозим. Ходимларга планшетлар “Е-patrul” тизимига кириш учун мўлжалланган логин ва пароль билан биргаликда берилади. Ходимлар хизмат вазифаларидан бўшатилганда планшет тегишли моддий-техник таъминот учун масъул ходимга топширилади.
Ходим ўзига бириктирилган планшетни иш вақти тугаганидан сўнг (ёхуд бошқа сабабларга кўра планшетдан фойдаланиш зарурати мавжуд бўлмаган ҳолларда) ички ишлар органи раҳбари белгилаган жой (масъул ходим)га топширади ҳамда ушбу жой (масъул ходим)дан қабул қилиб олади.
Ходим ҳуқуқбузарлик ёки жиноят содир этганликда шубҳа уйғотган шахснинг ҳужжатларини текшириш, уни сўроқ қилиш вақтида ундан бир қадам узоқликда ва ярим бурилган ҳолда ҳужумни қайтариш учун шай ҳолатда бўлиши керак.







