Жарроҳ Озод Шукруллаевнинг сўзларига кўра, 1 кунлик қисқа муддатли очликнинг фойдалари илм-фанда исботланган.
“2016 йилда, – дейди у – 1 кунлик очликка асосланган илмий иши учун япон олими Ёшинори Оҳсуми Нобел мукофотини олган. У 1 кунлик очлик вақтида ҳужайралар ўзида тўплайдиган қолдиқ моддаларни парчалашини исботлаган. Бу нарса аутофагия деб номланади. Ва бир кунлик очликда ҳужайрадаги эскирган қисмлар ва кичкина лизосомалар деб аталадиган кичик фермент сақлайдиган қисмлар парчаланади”, дейди у “Пульс 1141” кўрсатувида.
Озод Шукруллаев қисқа муддатли очликнинг организмнинг турли қисмларига ижобий таъсирини санаб берди. Унга кўра, қисқа вақт давом этадиган очлик организм захирасини фаоллаштиради.
Қариш жараёни. Қисқа муддатли очликда қариш жараёнида терида йиғиладиган пигментлар, эскирган ҳужайралар парчаланишни бошлайди. Парчаланган қисмларнинг оқсил заррачаларидан янги ҳужайралар пайдо бўлади.
Теридаги тошмалар. Очлик даврида организмда яллиғланишни фаоллаштирадиган медиаторлар камаяди. Юздаги ҳуснбузар, псориаз каби касалликлар, ички ва ташқи яллиғланиш, аллергия касалликлари кескин қисқаради.
Саратон ҳужайралари. Онкологик ҳужайралар одам организмида доим мавжуд. Улар кун давомида пайдо бўлади ва йўқолади. Бундай ҳужайраларнинг парчаланиши очлик давомида жадаллашади.
Нерв ҳужайралари. Очлик даврида нерв тўқималарининг ўсиш фактори ажралади. Нерв ҳужайралари тармоқланишни бошлайди. Яъни нерв тўқималари ўсади. Невр ҳужайрасининг бошқа ҳужайралар билан алоқалари кўпаяди. Бундан ташқари, нерв ҳужайраларини озиқлантирадиган глиал ҳужайралар очликда кўпайиши ва атрофидаги ҳужайралар билан тармоқланиши ортади.
Қисқа муддатли очликнинг ички аъзоларга таъсири
Диетолог Осиё Исмоилованинг қўшимча қилишича, қисқа муддатли очликда тананинг ички аъзолари ҳам дам олади. Айниқса, жигар фаолияти яхшиланади.
“Жигар 500дан зиёд вазифани бажарди. 5-10 йил олдин еган маҳсулотларимизнинг токсинлари ҳам жигарда сақланади. Биз филтр идишларини ҳар 4-6 ойда алмаштириб турамиз, лекин жигарни бундай алмаштиришнинг иложи йўқ. Қисқа муддатли очлик бизга шундай имкониятни беради.
Инсоннинг 10 килограммдан кўп ортиқча вазни бўлиши ёғли гепатознинг биринчи босқичи ҳисобланади. Инсон ортиқча ва кўп нарса еганда биринчи жигарни ёғ босади. Бунинг олди олинмаса, ўт қопи ҳам ишдан чиқиши мумкин. Ўт қопидаги сафро эса маҳсулотлардаги энг керакли, ёғда эрийдиган витаминларни ўз жойига юбориб туради”, – дейди диетолог.















