Ургутлик тадбиркор Феруз Баратов Kun.uz билан суҳбатда кўзи ожиз бўлиб қолган дастлабки йиллар, ўзгаларга қарамлик ва ёниб яшашга топилган иштиёқ ҳақида гапириб берди.

Феруз 2007 йилда аксарият тенгдошлари қатори Россияга ишлаш учун боради. Бир неча йил ишлаб, ота-онасига пул жўнатиб туради.

У 2012 йилларда бошида кучли оғриқ тургани, бурнидан қон келганини эслайди. “Кучли шамоллашнинг белгилари бор эди. Шундан сўнг бу ҳолат тез-тез такрорланиб турди. Очиғи, бошқа сабаб кўрсата олмайман, чунки ҳеч қандай зарба олмагандим, йиқилмагандим. Ўзимча даволаниб юрдим. 2015 йилда Ўзбекистонга бутунлай қайтиб келдим ва оила қурдим”, – дейди у.

Тўйдан бир муддат ўтиб, Феруз кўзи хиралаша бошлаганини сезади. Шифокорларга кўринади, чуқур текширувлардан ўтади. 2016 йилнинг январида Тошкентда операция ўтказилади.

“Операциядан чиққанимдан сўнг кўзим кўрмай қолди. Тасаввур қилинг, кўзингизни боғлаб қўйишса, қанча вақт тура оласиз. Нимани ҳис қиласиз? Асосийси биласизки, маълум вақтдан сўнг кўзингиздаги боғични ечиб юборишади ва сиз яна кўра бошлайсиз. Менда унақа бўлмади...” дейди Феруз.

Вақт ўтгани сари шифокорлар унга ўзлари билган ҳақиқатни сингдириб боришади. У бутунлай кўрмай қолади.

Бу орада фарзандлари дунёга келади.

“Уларни эркалардим. Мен гўдакликдаёқ кўзи ожиз бўлиб туғилганимда, балки синовим бошқачароқ бўлиши мумкин эди. Болаларимни кўролмаслигим жуда алам қиларди.

Ота-онам, укам кўчадан уйга кирар экан, фарзандларимга ширинлик олиб келарди. Шунда ўйладим, наҳотки мен уларга меҳнат қилиб, нимадир олиб келиш бахтидан маҳрумман? Бир умр меҳнат қилиб, нонини ўзи топиб юрган одам учун бу оғир синов экан. Фарзандларим учун нимадир қилишим керак, деган қарорга келдим. Тўғри, ҳозир яқинларимга малол келмаётгандирман, аммо болаларим келажаги учун ҳам ўзим ишлашим кераклиги ҳақида кўп ўйладим”, дейди қаҳрамонимиз.

Ургутда миллий ҳунармандчилик анча ривожланган. Феруз Баратов турмуш ўртоғи билан биргаликда кўрпа-кўрпача, ёстиқ тикишни йўлга қўяди.