Ўзбекистон | 17:57 / 07.04.2022
5681
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 2022 йилда 2 минг 300 километр цемент-бетон қопламали ички йўллар ётқизилади

Йўл ва йўлаклар бўйлаб лотоклар ҳам қурилади.

Фото: Kun.uz

2022 йилда республика бўйлаб 2 минг 300 км цемент-бетон қопламали ички йўлларни қуриш вазифаси қўйилди. 7 апрель куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Шавкат Мирзиёев йўллар сифатини яхшилаш бўйича бир қатор вазифалар берди.

«2022 йилда 2 минг 300 километр, шу жумладан Андижонда 270 километр, Фарғонада 200, Қашқадарё ва Тошкент вилоятида 190, Навоий, Наманган ва Самарқандда 180, Бухоро, Жиззах ва Сурхондарёда 170, Қорақалпоғистон ва Хоразмда 160, Сирдарёда 150 километр цемент-бетон қопламали ички йўлларни барпо этиш вазифаси қўйилди. 

Бунинг учун 2022 йилда цемент ишлаб чиқариш ҳажми 3,5 миллион тоннага кўпаяди. Яъни жорий йил якуни билан маҳаллий цемент ишлаб чиқариш ҳажми 18 миллион тоннага етади. Бу билан ички эҳтиёжлар тўлиқ қопланиши таъкидланди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Тошкент шаҳрида ҳам 250 километр цемент-бетон қопламали йўллар қурилади. Бу ишлар учун Тошкент шаҳри маҳаллаларини обод қилишга ажратилган 1 триллион сўмга яна 200 миллиард сўм йўналтиради.

Булардан ташқари, 2022 йилда туман марказлари ва шаҳарларда 670 километр пиёда ва велосипед йўлаклари барпо этиш режа қилингани, улар ҳам цемент-бетондан бўлиши кераклиги айтилди.

Март ойида 25 кун давом этган ёғингарчилик дренаж тизимидаги камчиликларни кўрсатган, шу боис ушбу йўлакларни лойиҳалашда лотоклар қуришга ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид