Ўзбекистон | 09:00 / 19.04.2022
5171
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда анимацион фильмлар форуми ўтказилади

Фото: Кинематография агентлиги матбуот хизмати

18-22 апрель кунлари Тошкентда Tashkent International Animation Forum (TIAF) бўлиб ўтади. Анимацион форум Ўзбекистон Кинематография агентлиги ташаббуси билан Швейцария ва Исроилнинг Ўзбекистондаги элчихоналари, Тошкентдаги Гёте институти, Bazelevs кинокомпанияси, Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази, Ўзбекистон Миллий кинофонди ҳамда "DRF" community independent filmmakers of Uzbekistan” киностудияси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Биринчи куни соат 10:00да Киночилар уйида Tashkent International Animation Forum (TIAF) бошланиши олдидан ОАВ вакиллари, мутахассислар, ижодкорлар ва ёшлар учун матбуот анжумани ўтказилади. Мазкур анжуманда иштирокчилар учун форум дастури тақдим этилади.

 Соат 11:00да форумнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади. Унда барча меҳмонлар кутиб олиниб, болажонлар учун байрамона концерт дастури тақдим этилади. Шунингдек, концертдан дунёга машҳур мультик қаҳрамонлар иштирокида рақслар ва мусиқали намойишлар ўрин олган.

Соат 15:00да Анимация санъати бўйича воркшоп бўлиб ўтади. Махсус воркшопда тажрибали мутахассислар томонидан маҳорат дарслари, анимацион дастурлар ҳақида маълумотлар ва бошқа қизиқарли давра суҳбатлари ўтказилади.

Форумда Германия, Грузия, Исроил, Озарбойжон, Тожикистон, Россия, Украина, Чехия, Қозоғистон ва Қирғизистон давлатларидан анимация мутахассислари, шу билан бир қаторда ўзбек аниматорлари ва “Ақлвой”, “Болажон” телеканалларидан вакиллар иштирок этади.

Форум доирасида моҳир аниматорлар томонидан тақдимотлар, маҳорат дарслари, мастер-класслар, ижодий учрашувлар ва шу каби қатор тадбирлар ўтказилади. Жумладан, 10га яқин давлатдан ташриф буюрган анимация соҳасида фаолият юритаётган мутахассислар томонидан семинар-тренинглар бўлиб ўтади.

Форумнинг эътиборли жиҳати, унда чет элдан эталон негативлари қайтарилган ўзбек мультфильмлари илк бор кенг жамоатчиликка намойиш этилади. Шунингдек, "Ёшлик" студиясининг "Зумраша" ҳажвий журналининг янги сони тақдимоти ҳамда хориж аниматорлари томонидан яратилган энг яхши мультфильмлар кичик томошабинлар эътиборига тақдим қилинади. Ушбу форум доирасида вилоятлар бўйлаб ҳам тадбирлар ташкил этилади. Болажонлар учун турли хил мавзуларда мультфильмлар намойиш этилиши билан бирга, мастер-класслар ўтказилади.

Бундан ташқари, болаларга педагоглар ва профессионал аниматорлар билан мулоқот қилиш ва тажриба алмашиш имконияти тақдим қилинади. Улар учун Ўзбекистон анимация студиялари ассоциацияси, “White Line”, “Astir animation studio”, “Futurist studio”, “Dip animation studio” ҳамда хориж анимация студияларининг ишлари намойиш этилади. Яна шунингдек, форум доирасида ўсмирлар учун ёш ижодкорлар томонидан яратилган фильмлар тақдимоти ўтказилади.

Кинематография агентлиги матбуот хизмати Ⓣ

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид