Таҳлилчиларнинг ҳисоблашича, Украина армиясининг энг яхши бўлинмалари шарқда, Россия ҳужумини қайтариш учун тайёрланган позицияларни эгаллаб турибди.

Шу вақтгача украин ҳарбийлари Россия армияси юришларига қаттиқ қаршилик кўрсатиб келмоқда, аммо россиялик ҳарбийлар аста-секинлик билан илгарилаган ва айрим ҳудудларда улар сон жиҳатдан Украина қуролли кучларидан жиддий устунликка эга бўлиши мумкин.

Муҳим жанглар қаерда бўлиб ўтади?
Россия расмий шахслари эндиликда бор эътибор Донбассни - Украинанинг шарқдаги вилоятлари Луганск ва Донецкни «тўлиқ озод этиш»га қаратилишини таъкидлаб келади.

Лекин Украина шарқидаги ҳудудлар рельефи россиялик ҳарбийларнинг олдинга силжиши учун қатор муаммолар туғдириши мумкин.

Мамлакат шимоли билан солиштирганда бу ҳудуднинг катта қисмини ўрмонзорлар ташкил этади ва таҳлилчилар бу омил Украина кучларига қўшимча ёрдам бериши мумкинлигини тусмол қилишмоқда.

Урушларни ўрганиш институтига кўра, катта эҳтимол билан Славянск учун жанглар урушнинг кейинги энг муҳим босқичи бўлади.

Агар шимолдан Изюм томондан келаётган россиялик ҳарбийлар шаҳарни эгаллай олишса, улар шарққа томон ҳаракатланиши ва Украина ҳарбийларининг кичик гуруҳини ўраб олиши ёки жанубга юришда давом этиб, Украина армиясининг катта контингентини қуршовга олишга ҳаракат қилиши мумкин.

Агар Мариупол қуласа, Россия қамалдан бўшаган кучларини шимолга, Донецкдан ғарбдаги ҳудудга юбориш имкониятига эга бўлади.

Украина армияси қандай тайёрланмоқда?

Халқаро стратегик тадқиқотлар институтидан истеъфодаги бригада генерали Бен Баррининг фикрича, Украина қуролли кучларида мудофаага тайёрланиш учун йиллар бўлган ва Россия кучларига уларни позицияларидан чекинтириш осон кечмайди.

«Украина томони нафақат Биринчи жаҳон уруши намунасидаги хандақларга эга, балки улар ҳимояланадиган муҳим шаҳар ва қишлоқлар ҳам мустаҳкамланган», дейди у.

Унинг сўзларига кўра, украин зирҳли техникалари ва артиллериялари олдиндан тайёрланган ер остидаги пана жойларга яширилган.