Жаҳон | 14:45 / 25.04.2022
9923
1 дақиқада ўқилади

Европа мамлакатларида болалар орасида номаълум турдаги гепатит тарқалиши авж олди

Гепатитнинг янги тури 1 ойликдан 16 ёшгача бўлган болаларда аниқланган.

Фото: Getty Images

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти болалар орасида номаълум турдаги ўткир тусли гепатитга чалиниш билан боғлиқ 169та ҳолатни қайд этди.

Хабар қилинишича, касаллик оқибатида бир нафар бола вафот этган, 17 нафарига жигар кўчириб ўтказилиши талаб қилинган.

Гепатитнинг янги тури 1 ойликдан 16 ёшгача бўлган болаларда аниқланган.

Энг кўп ҳолатлар Буюк Британияга тўғри келади (114), 13 нафар бола Испания, 12 нафар Исроилда, тўққиз нафар АҚШда ушбу хасталикка чалинган.

Шунингдек, Ирландия (5), Нидерландия ва Италия (4тадан), Норвегия ва Франция (2тадан) ҳамда Руминия ва Белгияда (1тадан) номаълум турдаги гепатитга чалиниш ҳолатлари аниқланган.

Ташкилот хабарида айтилишича, бирорта ҳам ҳолатда ўткир тусли гепатитни чақирувчи вируслар (А, В, С, D ва E гепатити вируслари) аниқланмаган.

Дастлабки ҳолатлар апрел бошларида қайд этилган. 5 апрелга келиб, Шотландияда ўн ёшдан кичик болалар орасида ўндан ортиқ касалланиш ҳолатлари аниқланган.  

Мавзуга оид