Бунга сабаб – бир томондан бир дорининг ўнлаб, юзлаб касалликларга даво сифатида кўрсатилиши ва кутилган самарани бермаслиги бўлса, иккинчидан, айрим реклама роликларининг оила даврасида кўриб бўлмас даражада “очиқлигидир”.
Бу борада бир неча кун аввал “Guangzhou medical of China” МЧЖ мансабдор шахслари ва ходимларига нисбатан сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситалари билан боғлиқ фаолият бўйича жиноят иши қўзғатилгани ҳам ҳолатни ифодалайди.
Хўш, ўзбек телеканалларида дори воситалари рекламаси нега бунчалик кўпайиб кетди? “Guangzhou” одамларни қандай алдаб келган? Ўзбекистонликлар-чи, нега бунчалик дориларга “ўтириб қолди?”
Kun.uz мухбири айни саволлардан юзасидан Қонунчилик палатаси депутати Қизилгул Қосимова ва тиббиёт фанлари доктори, профессор Зарифбой Ибодуллаев билан интервью уюштирди.
Kun.uz:
Қизилгул опа, Зарифбой ака, дастлаб иккингизга ҳам бир савол билан юзланмоқчиман. ОАВ ва жумладан, ҳозир ўзбек телевидениесида берилаётган рекламаларнинг 50 фоизи ва балки ундан ҳам кўпроғини дори воситалари ташкил этиши фақат бизда учрайдиган ҳолатми ё бошқаларда ҳам шундайми?
Шунингдек, иккингиз ҳам шифокор эканлигингизни инобатга олган ҳолда, яна бир савол: нега ўзбек жамияти дориларга бунчалик “ўтириб қолди?”

Қизилгул Қосимова:
Бу масала биринчи навбатда халқимизнинг тиббий маданияти билан боғлиқ, чунки аввало, рекламадаги дориларга талаб бўляпти. Бундан ташқари, дорихоналар тадбиркорлик субъекти сифатида ўзидаги маҳсулотни реклама орқали ўтказишга ҳаракат қиляпти.
Кейинги пайтларда чиндан ҳам менталитетимизга умуман тўғри келмайдиган дори рекламаларини кўп кўряпмиз. Бу бизга умуман тўғри келмайди.
Жаҳон тажрибасида ҳам шундайми? Йўқ, уларда бизчалик эмас. Масалан, Туркияда беморга шифокор тавсиясисиз бирорта дори берилмайди. Табиийки, дорилар рекламаси ҳам назоратда.
Бизда эса одамлар боши оғриб қолса ҳам дорихонага боради ва дорихонада унга дори ёзиб бераверишади.

















