Қоҳирада Ўзбекистон дипломатлари Мисрнинг PHARCO Corporation фармацевтика корпорацияси минтақавий директори Муҳаммад Форуқ билан учрашди.

Музокараларда корпорацияни Ўзбекистон билан ҳамкорликка жалб қилиш, фармацевтика соҳасига инвестиция киритиш ва замонавий технологияларни трансфер қилиш масалалари муҳокама қилинди. Асосий эътибор C гепатитига қарши препаратлар ишлаб чиқаришни Ўзбекистонда маҳаллийлаштириш истиқболларига қаратилди.

Pharco Pharmaceuticals 1987 йилда ташкил этилган PHARCO Corporation таркибига киради. Корпорацияда 5,7 мингдан ортиқ ходим ишлайдиган тўққизта ташкилот мавжуд. Компания йилига 345 миллион қадоқдан ортиқ фармацевтика маҳсулоти сотади ва уларни 57 та мамлакатга етказиб беради.

Маълумотларга кўра, PHARCO 13,2 фоизлик улуш билан Миср фармацевтика бозорида етакчи ўринни эгаллайди.

Учрашувда Муҳаммад Форуқ компаниянинг Мисрда C гепатитига қарши курашишдаги тажрибаси ҳақида маълумот берди. Корпорация Gratisovir номли софосбувир генериги ҳамда лицензия асосида Ravidasvir вирусга қарши препаратини ишлаб чиқаришни йўлга қўйган.

Компания маълумотларига кўра, ушбу препаратлардан фойдаланиш даволаш курси қийматини бир неча ўн минг доллардан 100 долларгача тушириш имконини берган. Даволашдан кейинги соғайиш кўрсаткичи эса 99 фоизни ташкил этган.

Мисрда миллий дастур доирасида ушбу препаратларни оммавий етказиб бериш миллионлаб фуқароларни даволаш имконини берган. Натижада мамлакат C гепатитига қарши курашишда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг “Олтин сертификати”ни олган.

PHARCO Corporation ҳозирда Ўзбекистоннинг қатор хусусий фармацевтика компаниялари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Шерикликни кенгайтириш орқали Gratisovir ва Ravidasvir препаратларини етказиб бериш билан бирга, уларни ишлаб чиқариш технологияларини Ўзбекистонга трансфер қилиш ва маҳаллий фармацевтика қувватларида ишлаб чиқариш имконияти кўриб чиқилмоқда.

Учрашув якунида Ўзбекистон Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, маҳаллий хусусий фармацевтика компаниялари ва PHARCO Corporation иштирокида онлайн музокаралар ўтказишга келишилди.

Шунингдек, Миср томони кейинги музокараларни давом эттириш учун мутахассислар делегациясини Ўзбекистонга юборишга тайёрлигини билдирди.