«Тошкент-Аэро» ихтисослаштирилган божхона комплексининг «Авиаюклар» ташқи иқтисодий фаолият божхона постида Хитойдан келтирилган 21 тоннадан зиёд оғирликдаги «Эфба» осма дори воситасини божхона кўригидан ўтказиш давомида жиддий қонун бузилиши аниқланди.
Божхона юк декларациясида ушбу дори воситаси Ҳиндистонда ишлаб чиқарилгани кўрсатилган. Аммо кўрик давомида унинг қадоғи ва ёрлиқларида ишлаб чиқарувчи давлат ва корхона номи умуман акс эттирилмаганлиги аниқланди.
Мазкур дори воситасини Ўзбекистонга импорт қилишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказининг мувофиқлик сертификати талаб этилади.
Юк эгалари сертификат олишда намуна сифатида «Эфба» дори воситасининг Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган асл нусхасини тақдим этишган ва контрафакт дори воситасини шу сертификат билан олиб киришни режалаштиришган.
«Эфба» инфузион эритмаси таркибидаги асосий модда левофлоксацин бўлиб, у кучли фторхинолон гуруҳига мансуб антибиотик ҳисобланади. Унинг қалбакилаштирилиши жуда хавфли оқибатларга олиб келади.
Вақтинча сақловга олинган мазкур дори воситаларининг умумий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 7,3 млрд. сўмдан ошади. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.











