Жадидшунос Зайнобиддин Абдурашидов таъбири билан айтганда, Фитрат 20-асрнинг қомусий олими бўлишдан ташқари, яхши сиёсатчи ҳам эди. Туркистонликлар илмли бўлишини ва ўз ерига ўзи эгалик қилишини хоҳлагани, Фитратнинг сиёсий, илмий ва бадиий фаолияти асоси бўлган. Шунинг учун ҳам у Сталин қизил терроридан омон қолмаган.
“Отишга ҳукм қилинишидан олдин унга шундай айбловлар қўйилгандики, уларни бажаришга бир одамнинг умри камлик қилади”, – дейди Фитратнинг маҳбуслик анкетаси билан танишган тарих фанлари доктори Дилноза Жамолова.
Бухородаги Мир Араб мадрасасида ўқиган Фитрат шу ердан ислоҳотчилик ҳаракатларига қўшилади. Бухородаги билимли ёшлар қатори “Тарбияи атфол” жамияти кўмаги билан Истанбулга ўқишга жўнайди.
Фитрат Туркиядан исломчилик, туркчилик, усмончилик ғоялари билан тўйиниб, Бухорога қайтади ва жадид мактабларини очади. 1917 йилдаги инқилоблар натижасида Оқ подшо ағдарилгач, Бухорода ҳам ислоҳотлар бошланади. Жадидлар амирдан ислоҳотлар ўтказишни талаб қилиб, намойишларга чиқадилар.
Дилноза Жамолованинг айтишича, Фитрат “Ёш бухороликлар” ҳаракатининг мафкурачиси ва ғоявий раҳбарларидан бири бўлган. Ҳаракатнинг Фитрат бошчилигидаги сўл қаноти ислоҳотлар учун бўлган намойишларда қатнашган.
Амир қўшинлари намойишни бостиргач, жадидларнинг бир гуруҳи Самарқандга жўнайди. Жадидлар орасида бўлган Фитрат Самарқандда бутун Туркистон жадидларининг асосий нашри бўлган “Ҳуррият” газетасида муҳаррирлик қилади.
Россия империяси ҳудудига олиб кириш тақиқланган асар
“Мунозара” – Фитратнинг энг машҳур асарларидан. Асар Истанбулда чоп этилган ва у Россия империяси ҳудудига олиб кириш тақиқланган китоблар қаторида бўлган.
“Асарга тақиқ Бухоро амири томонидан эмас, рус ҳукумати томонидан қўйилган. Петербургда хорижда нашр этилган асарлар ва уларнинг махсус рўйхати бўлган”, – дейди Зайнобиддин Абдурашидов.

“Мунозара”нинг Бухорога олиб кирилиши самарқандлик Абдуқодир Шакурий исмли мактабдор билан боғлиқлиги айтилади. “Шу киши, – дейди Абдурашидов, – Истанбулга борганда, чопонининг ички тарафига китобни яшириб, 10–15 дона олиб келади. Ва Ҳожи Муин томонидан форсчадан ўзбекчага таржима қилинади”.

















