Бу йил Ўзбекистон хурмо импортини ўтган йилга нисбатан 478 тоннага оширган. Демак, бу қуруқ мевага бўлган талаб тобора кучайиб, хурмо бизнеси ҳам ривожланиб бормоқда.

Тармоқ таъсисчиларидан бири Нодиржон Собиров “TOP oziq-ovqat” лойиҳаси билан суҳбатда бизнесга кириб келиши, “Ajva” хурмо маркетлари тармоғининг яралиш тарихи ҳақида гапириб берди.

“Аҳамият берган бўлсангиз, бизнесга ўзи кўпчилик ёшликдан кириб келган бўлади, биз ҳам асосан ёшликдан бошлаганмиз. Дастлаб, озиқ-овқат дўконини юритганмиз ва бу кейинчалик оилавий бизнесга айланиб кетган. Сўнг қуруқ мевалар бизнесини бошлаганмиз.

Мутахассис бўлмаган одам қуруқ мевалар соҳасининг ўзига хосликларидан бехабар бўлади, яъни еб кўриб мазасини айтиши мумкин, лекин унинг сифати алоҳида масала. Биз қуруқ мевалар экспортини йўлга қўйиб, асосан Хитой билан ишладик. Лекин орада пандемия сабабли ишимиз тўхтаб қолди. Ҳеч бир иш беҳикмат бўлмас экан, қайси давлатга энди экспорт қиламиз дедик ва Саудия Арабистонини ўйлаб кўриб, уларга намуна юбордик. Маҳсулотимиз уларга ёқди ва Саудияга экспорт қилишни бошладик.

Шундан сўнг Саудия Арабистонидаги ҳамкорларимизнинг ўзи бизга таклиф билан чиқди, яъни ўзларининг маҳсулотларини бизга экспорт қилишни таклиф қилишди. Шундан сўнг бу йўналишни атрофлича ўрганиб чиқдик ва шу кунгача шу йўналишга етарлича қизиқиш бўлмаганини, айнан шу омил бизга қўл келишини билдик.

Қўл келиш деганида фақат фойда кўзланмаган, гап айнан хурмода: биз халқимизга табиий ва фойдали маҳсулотлар етказиб беришни мақсад қилганмиз.

Фаолиятимизни бошлашимиздан олдин Ўзбекистонда асосан Эрон, Тунис ва Фаластин хурмолари сотилган. Эрон хурмоларини ҳам халқимиз ажва нави деб истеъмол қилиб келган. Бизнес бошлашдан олдин, аввало шу ишнинг эгаларига мурожаат қилишдан бошлаганмиз”, – дейди тадбиркор.