Ўзбекистон | 11:55 / 02.05.2022
23193
2 дақиқада ўқилади

“25 йилда 70га яқин уй қурдим” – тош терувчи уста

Навоий вилояти Нурота туманининг кўплаб ҳудудларида уйлар тошдан қурилади. Ҳатто айрим қишлоқларда ғишт ёки пахса уйларни деярли учратмайсиз. Хусусан, Сентоб қишлоғини “мозаикали қишлоқ” дейиш мумкин: уйлар, қўрғон деворлар ўзгача шаклда тошдан териб чиқилган.

Қишлоқ аҳолисининг таъкидлашича, ташқи кўриниши ўзига хос чиройга эга бўлган бундай уйлар улар учун анча арзонга тушади. Қолаверса, тошдан терилган уй анчагина мустаҳкам бўлади. Сентобда энг арзон қурилиш материали тош ҳисобланади.

Ҳудудда тош терувчи махсус усталар бор. Уларнинг услуби ҳам турлича. Қўрғон девор терилганида оддий тош ва лой ишлатилади холос. Цемент маҳсулотидан деярли фойдаланилмайди. Бундай уйлар ҳудуднинг иқлим шароитига ҳам мос: ёзда салқин бўлади.

25 йилдан бери шу иш билан шуғулланаман. Тош теришни асли отамдан ўрганганман. Отам уста бўлган. 60-70 та уй қуриб бердим қишлоқдагиларга. Тошдан уй қуриш бизда арзонга тушади. Цемент олиб келиш ва бошқа харажатлари йўқ. Тошни олиб келамиз, тупроқ ва шағал ўзимиздан чиқади. Қолаверса, мустаҳкам бўлади. Тошни теришнинг ҳам маъноси бор. Бир томонини тўғрилаб термасангиз бўлмайди. Тош теришда устанинг устадан фарқи бор. Шунинг учун айтганларга борамиз, қиламиз. Фарзандларимизни шунинг орқасидан боқиб, ўқитиб юрибмиз”, — дейди тош терувчи уста Наврўзбой Ўлжиев.

Маълум бўлишича, Сентобда азалдан инсонлар уйларини тошдан қуришган. Буни қишлоқ четида, тоғ устида жойлашган тарихий қўрғон қолдиқларида кўриш мумкин.

Руслан Сабуров, Kun.uz мухбири.
Монтаж устаси – Жаҳонгир Алибоев.

Мавзуга оид