Ўзбекистон | 18:29 / 05.05.2022
15758
3 дақиқада ўқилади

“Бу тизимнинг учта хўжайини бор” — президент тез ёрдамдаги ташкилий нуқсонларни санади

Президент ҳузуридаги йиғилишда тез тиббий ёрдам кўрсатиш туман ҳудуди билан чекланиб қолгани, тез ёрдам станцияси қўшни туман билан чегарадош бўлса ҳам, бошқа ҳудуд деган важ билан чақирувни қабул қилмаслиги танқид қилинди.

2021 йилнинг ўзида тез тиббий ёрдам бригадаси кечикиб келиши бўйича вилоятлардан 50 мингдан зиёд шикоят келиб тушган. Бу ҳақда 5 май куни президент Шавкат Мирзиёев ҳузуридаги йиғилишда маълум қилинди.

“Сабаби, соҳада ягона бошқарув тизими йўлга қўйилмаган, яъни тез тиббий хизматнинг 3 та “хўжайини” бор.

Жумладан, тиббиёт ходимини “райздрав” тайинлайди, диспетчерларни ишга қабул қилиш ва дори-дармон таъминоти вилоят шошилинч ёрдам марказида, транспорт парки, ёқилғи таъминоти ва ҳайдовчилар эса “облздрав”га бўйсунади”, деди президент.

Давлат раҳбари бундай бошқарув тизимида чалкашликлар кўплиги, бунинг оқибатида тез тиббий ёрдам хизмати кўрсатиш туман ҳудуди билан чекланиб қолгани, тез ёрдам станцияси қўшни туман билан чегарадош бўлса ҳам, бошқа ҳудуд деган важ билан чақирувни қабул қилмаслигини танқид қилди.

Йиғилишда Тошкент шаҳрида тез тиббий ёрдам ягона тизимга бирлаштирилиб, рақамлаштирилгани, лекин ҳудудларда бу ишлар бошланмагани қайд этилди.

“Тез тиббий ёрдам машиналарида замонавий навигация жиҳозларининг йўқлиги, 10 мингта кўчаларга ҳалигача ном, 500 мингга яқин уйларга рақам берилмагани учун тез ёрдам бригадаларининг асосий вақти манзилни топишга сарфланмоқда.

Шу билан бирга, туман даражасида шошилинч тиббий ёрдам тизими самарали йўлга қўйилмаган.

Жумладан, туман шифохонасида терапия, педиатрия ва хирургия йўналишида ҳам режали, ҳам шошилинч бўлимлар мавжуд ва улар бир-бирини такрорлайди.

Бунинг натижасида шошилинч операцияни бир бўлимда, унинг келгусидаги даволаниши бошқа бўлимда ўтказилмоқда. Оқибатда бемор сарсон, шифокорлар эса қўшимча қоғозбозлик билан овора”, деди давлат раҳбари.

Барча вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига бу масалани ичига шахсан кириб, ушбу самарасиз амалиётдан тўлиқ воз кечиш чораларини кўриш топширилди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид