«Азов» полки жангчилари Мариуполда россиялик ҳарбийлар томонидан ўраб олинган «Азовстал» заводидан туриб «Громадське» нашри жонли эфирида видеоалоқа орқали матбуот анжумани ўтказди. Унда «Азов» полки командири ўринбосари Святослав Паламар ва разведка бошқармаси офицери Илья Самойленко иштирок этди.

Украина ҳарбийлари Мариупол мудофааси вақтида россиялик ҳарбийлардан 2,5 мингдан ортиғи ўлдирилгани ва 5 минг нафари яралангани ҳақида маълум қилишди. Улар шунингдек душманнинг 60 дан ортиқ танки йўқ қилингани, 30 таси шикастланганини тасдиқлашган.

«Бу душманнинг бутун мамлакатдаги йўқотишларининг 10 фоизидан кўпроқ. РФ йўллаган зарбаларнинг 50 фоизи Мариуполга тўғри келади. Кунига 150 та зарба. Ва бизни қўллаб-қувватлашмаяпти. Ҳаводан ҳам, қуруқликдан ҳам, артиллерия орқали ҳам», деган Паламар.

Унинг сўзларига кўра, ҳозир ҳам «Азовстал» интенсив равишда ўққа тутилмоқда. «Ўтган туннинг ўзида 25 дан ортиқ парвоз амалга оширилганини санадик, жумладан стратегик бомбардимончи самолёт ҳам», деган у.

Паламар душман артиллерия, танклар, миномётлардан ўқ узаётгани, босқинчиларнинг пиёдалари завод ҳудудини штурм қилаётгани, шунингдек мерганлар ишлаётганини айтиб ўтган.

Киевдан норозилик

«Азов» полки командири Святослав Паламар ва разведка офицери Илья Самойленко

«Азов» жангчилари Украинанинг кўплаб расмийлари саккиз йил мобайнида мамлакат мудофааси масалаларини саботаж қилиб келганини ҳам айтишган.

«Мариупол қамали 2,5 ойдан буён давом этмоқда. Тарихда бунча кўп аскар, бунча кўп тинч аҳоли ҳалок бўлган бундай қамал бўлмаган. 25 минг фуқаро Россия армияси томонидан ўлдирилди. Аммо биз ҳарбийлармиз, мамлакатимизни, давлатимизни ҳимоя қилиш маънавий бурчимиз», деган разведка бошқармаси офицери Илья Самойленко.

Унинг сўзларига кўра, ҳеч ким жангчилар бу қадар узоқ қаршилик кўрсатишини кутмаган.

«Чунки ҳукуматимиз Мариуполни ҳимоя қила олмади, шаҳар мудофаасини тайёрлай олмади. Бизни қаҳрамонлар дейишмоқда, биздан ҳайратланишмоқда, аммо қаҳрамонлик режалаштириш ва ташкилий ишлар барбод бўлганида юзага келади. Кўп одамларимиз Украина ҳимояси учун жонини беришди. Биз Мариуполдан кетишимиз мумкин эди, чунки биз вазият оғирлашаётганини кўриб тургандик, аммо шаҳар мудофааси учун қолишга қарор қилдик ва бизда шаҳарни ҳимоя қилиш тўғрисидаги буйруқ ҳам бор эди.