Херсон урушнинг дастлабки даврида Россия армияси томонидан ишғол қилинганди.
Украина ҳукумати ўтган давр мобайнида оккупацион ҳокимият ҳудудда «Херсон халқ республикаси» ташкил этиш бўйича референдум ўтказилишидан хавотир билдириб келди.
Мамлакат президенти Володимир Зеленский агар янги халқ республикаси тузиш бўйича референдум ҳақида эълон қилинса, Украина ҳар қандай музокаралардан чиқишини маълум қилган.
27 апрел куни РИА Новости Херсон областида янги маъмурият шакллантирилгани ҳақида хабар берди. Унга 2002-2021 йилларда уч бор Херсон мэри ва «Регионлар партияси»дан Украина Олий радаси депутати бўлган 65 ёшли Владимир Сальдо раҳбарлик қилиши маълум қилинди.
Маҳаллий аҳоли вакили, аввалги маъмуриятда ҳам ишлаган Кирилл Стремоусов эса ўзини Сальдонинг ўринбосари сифатида эълон қилди. «Херсон области Россия Федерацияси назоратида. Област ва туманларда фуқаролик-ҳарбий маъмуриятлар шакллантирилган», деганди ўшанда у.
Стремоусов ким ўзи?
Стремоусов - маҳаллий фаол, Украинада коронавирусга қарши эмлашга қарши ҳаракат етакчиларидан бири бўлган, 2019 йилда Херсон газетаси таҳририятига кўздан ёш сиздирувчи газ ва травматик қуроллар билан қилинган ҳужумда иштирок этишда гумонланган.

Херсонда мэр Игор Колихаев раҳбарлигидаги Украина маъмуриятида кўп йиллар ишлаган. «Маиший ва коммунал масалалар билан шуғулланган, ундан ортиғига ваколати бўлмаган», деган BBC билан суҳбатда аввалги маъмуриятда ишлаган манба. Унинг сўзларига кўра, 25 апрел куни кечқурун бинога қуролланган шахслар бостириб киришган ва у ерда бўлган барчани ҳайдаб чиқариб, калитларни олиб қўйиб, қуролли қўриқчилар жойлаштиришган.
Сўнгги ҳафталарда Кирилл Стремоусов Россия нашрларида ҳудуд келажаги гўёки Россия билан боғлиқлиги ҳақида мунтазам баёнотлар билан чиқмоқда.
28 апрел куниёқ Стремоусов Херсон области 1 майдан рублли ҳудудга ўтишини маълум қилди. Унинг ғоясига кўра, ўтиш даври тўрт ойгача давом этади ва бу вақт ичида вилоятда рубль ва гривна муомалада бўлади. «Кейин бутунлай рублда ҳисоб-китоб юритамиз», деганди у.

















