Украинлар Херсон областининг истило остидаги чап соҳилида бир неча тактик плацдармларга эга экани — аллақачон барчага маълум факт. Бу хабар тарқалганига анча вақт бўлса ҳам, Украина қуролли кучлари раҳбарияти бу ҳақда узоқ вақтгача сукут сақлаб келди.

Сиёсий раҳбарият аллақачон «Херсондаги яхши қадамлар» ҳақида эълон қилганди. Бу ҳақда дастлаб 8 ноябр куни президент Володимир Зеленский маълум қилганди, 14 ноябр куни унинг офиси раҳбари Андрий Ермак тўғридан тўғри «украин кучлари Днипронинг чап соҳилида ўрнашгани» ҳақида ёзди.

Фақат 17 ноябр кунига келиб Украина ҚК бош штаби Днипронинг чап соҳилидаги «муваффақиятли ҳаракатлар»дан мақсад — рақибни имкон қадар узоққа суриб ташлаб, ўнг соҳилдаги аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш экани ҳақида баёнот берди. Зеленский телеграм-каналида чап соҳилдаги украин ҳарбийларининг суратларини намойиш этди.

Россия ҳукумати фронтнинг бу участкасига урғу қаратмаяпти. Лекин РФ мудофаа вазирлиги украин ҳарбийларининг Днипрони кечиб ўтишга уринишларининг «олди олинаётгани» тўғрисида тез-тез ҳисобот бермоқда.

Октябр ойи охирида рус нашрлари Россиянинг ушбу йўналишдаги гуруҳи қўмондони алмаштирилгани ҳақида хабар қилганди. «Днепр» гуруҳига энди ҳаво-десант қўшинлар бошлиғи Михаил Теплинский раҳбарлик қилмоқда.

Унинг қаршисидаги биринчи галдаги вазифа — украинларнинг дарёнинг бу томонидаги плацдармларини йўқ қилиш ва Кремл учун бу йўналишни хавфсиз қилиш ҳисобланади.

Бу қандай плацдармлар?

Украинлар Днипрони кичик ўлчамдаги қайиқларда кечиб ўтиш учун уринишларини бошлаганига бир йилча бўлди.

Таҳлилчилар украинларнинг Кринкидаги плацдарми орқали Россия қўшинининг Олешкидан Нова Каховкага борувчи муҳим йўлини кесиб қўйиши мумкин деб ҳисобламоқда

2022 йил ноябр ойи охири — декабр ойи бошларида, РФ армияси ўнг соҳилни ташлаб чиққанидан кейин, украинлар Днипронинг ўртасида жойлашган ботқоқли ороллар устидан назорат ўрнатишни бошлаганди.

Бу йўналишдаги фаол ҳаракатлар шу йил баҳорида ҳам давом этди. 6 июн куни Каховка ГЭС тўғонида рўй берган портлаш ва Днипро суви ҳудудни босиши бунга сезиларли даражада тўсқинлик қилади.

Аммо Украина ҚК дарёни кечиб ўтишга ва Антонов кўпригининг вайрон бўлган таянчлари атрофидаги кичик ҳудудда мустаҳкам ўрнашиб олишга муваффақ бўлади.