«Азовстал» заводи учун жанг қарийб икки ойдан буён давом этмоқда — россиялик ҳарбийлар ушбу ҳудудни олиш учун март ойи ўрталарида ҳаракат бошлаганди. Ҳозирда завод — амалда эгаллаб бўлинган Мариупол шаҳридаги украин ҳарбийлари қаршилигининг сўнгги қалъасидир. Апрел ойи охирида Владимир Путин штурмни бекор қилишга буйруқ берганди, аммо «Азовстал» мудофаачилари доимий равишда янги зарбалар ҳақида хабар бериб келишмоқда — заводни эгаллаш учун ҳаракатлар давом этмоқда. Май ойи бошида халқаро ташкилотлар иштирокида ҳудуддан тинч аҳоли вакиллари эвакуация қилинди, 8 май куни эса комбинатни ҳимоя қилаётган «Азов» полки жангчилари «самарали мудофаа учун барча ресурслар» сарфлаб бўлинганини маълум қилди. Батальоннинг телеграм-каналида ярадор жангчилар фотосуратлари эълон қилинди ва «цивилизация дунёси»дан уларни эвакуация қилишда ёрдам сўралди: «Дунё Мариуполнинг ярадор ва майиб бўлган ҳимоячилари қандай шароитларда эканини кўриши ва ҳаракат бошлаши керак».

Украина ҳукумати, БМТ ва Қизил Хоч саъй-ҳаракатлари билан завод ҳудудида яширинган юзлаб тинч аҳоли вакилларини эвакуация қилишга муваффақ бўлинди. Эндиликда «Азов» жангчилари ҳам ёрдам кутишмоқда. Улар катта йўқотишларга учраган, озиқ-овқат ва бошқа ресурслар тугамоқда.

«Азов» бўлинмаси 2014 йил майида Мариуполда 70 нафар кўнгилли томонидан тузилган. Ўша йил сентябрига келиб бўлинма полкка айланган, ноябрда эса Украина миллий гвардияси таркибига ўтказилган. Айни вақтга келиб «Азов» полки жангчилари сони 800 нафар атрофида.