Қизимни саратон олиб кетди, энди набирамда бу дард

2010 йилда Чиннигул опа қизидан айрилган. Саратон сабаб ҳаётдан эрта кетган қизидан бир ўғил, бир қиз фарзанд ёдгор бўлиб қолган. Аммо бахтга қарши шу ўғил набира ҳам оққонга чалингани бувининг дардини баттар оғирлаштирди.

“Шу қизимдан қолган икки фарзанд билан ижарада яшаймиз. Уйимиз бор эди, Азаматни даволатиш учун сотиб юбордик. Ўзим 400 минг сўм пенсия оламан. Шунинг эвазига кун кечирамиз. Турмуш ўртоғим ҳам вафот этиб кетган.

Ичим тўла алам, булар вояга етгунча борманми, йўқманми билмайман. Неварам шу касалга чалингандан кейин отаси ҳам ташлаб кетди. Кимга дардимни айтаман?” дея йиғлайди кекса буви.

Азамат етимлик азобини кўриб ўсаётган синглиси учун қайғуради. Тузалиш умидида яшаётган ўсмир келажакда ватан ҳимоячиси бўлишни орзу қилади.

Азамат Джузбоевга оид маълумотлар:

Uzcard: 8600 0610 9735 6512 бувиси Чиннигул Джузбоева номида 

Боримизни сотиб боламни даволатдик

Орзигул опа боласини оғир аҳволда вилоятдан пойтахт шифохонасига олиб келганига ярим йил бўлди. Юришга ҳам мажоли бўлмаган Асадбекнинг саломатлиги шифокорлар саъй-ҳаракати билан бугун анча тикланган. Хасталик сабаб оила пароканда, тўрт фарзанди вилоятда қолган она улардан хавотирда. Чунки турмуш ўртоғи 2-гуруҳ ногирони бўлгани сабаб мустақил ҳаракатлана олмайди.

Опанинг барча фарзандлари мактаб ёшида, фақат тўнғич ўғил томорқасида деҳқончилик қилиб кун кўради. Икки маротаба оғир операцияни бошдан ўтказган оила бошлиғи ногиронлиги туфайли бирор жойда ишлашнинг имкони йўқ.

“Уйимизда қўлга илинадиган нимаики бўлса сотдик, мол-ҳолларимиз ҳам сотилди. Шу пайтгача шуларни сарфладик, қариндош-уруғлар ёрдам беришди”, дейди она.

Асадбек Жўрабоевга оид маълумотлар:

Uzcard: 8600 0417 7170 7669 онаси Орзигул Маматқулова номида