Бир қарашда мумкин бўлмаган ҳолат. Аммо Учқудуқ ва Конимех туманлари ҳамда Зарафшон шаҳридаги 16 та болалар боғчасида мингдан ортиқ ходим ўз ҳудудларидаги бошқа боғчада ишловчи ҳамкасбларидан кам маош олишмоқда. Улар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг қароридан норози.

Бу қандай юзага келган?

Навоий кон-металлургия комбинати таркибида бўлган 16 та болалар боғчаси 2020 йилда Мактабгача таълим вазирлиги тизимига ўтказилган. Унгача мазкур боғчаларда фаолият юритиб келган ходимларга комбинат маош тўлаган. Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг 2001 йил 5 апрелдаги қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, Учқудуқ, Зарафшон, Нуробод шаҳарлари ва шаҳар типидаги Зарафобод посёлкаси бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларига муайян давр ишлаганлик учун ойлик устама тўловлар тўланган.

Хусусан, иш стажи 3 йилгача бўлган ходимлар ойлик тариф ставкаси ёки лавозим окладининг 0,25 фоизи, 3-5 йил иш стажига эга бўлган ходимлар 0,5 фоизи, 5 йилдан ортиқ иш стажи борлар эса 0,75 фоизи миқдорида маошига қўшимча ойлик тўловлар олган.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг 2019 йил 15 августдаги қарори билан олдинги қарорга ўзгартириш киритилган.

Жумладан, юқоридаги Низомнинг 3-бандига қўшимча киритилиб, мулкчилик шаклидан қатъи назар бошқа ташкилотдаги (Учқудуқ, Зарафшон, Нуробод шаҳарлари ва шаҳар типидаги Зафаробод посёлкасидаги бюджет ташкилотларидан ташқари) иш, бюджет ташкилотлари ходимларига муайян давр ишлаганлик учун ойлик тўловлар тўланиши ҳуқуқини берадиган иш стажига киритилмаслиги белгилаб қўйилган. Айни шу чеклов туфайли НКМК таркибидан Мактабгача таълим вазирлиги тизимига ўтказилган болалар боғчаларида ишловчи ходимлар иш стажи “ғойиб бўлган”. Оқибатда битта шаҳардаги иккита боғчада (НКМК таркибидан Мактабгача таълим тизимига ўтган ва олдиндан Мактабгача таълим тизимида бўлган) бир хил иш учун икки хил маош тўланмоқда.

“Бу бизга нисбатан дискриминация”

Ушбу ҳолатга тушган аксарият тарбиячилар буни ўзларига нисбатан камситиш, дея баҳолашмоқда.