Сўнгги икки ҳафта мобайнида украин қуролли кучлари Харков областида кўплаб аҳоли пунктларини озод этишди ва айрим районларда Украина чегарасигача чиқишди. Россия ҳарбийлари уруш бошидан буён Харков шаҳри ҳудудига киришмаган, аммо яқин масофадан туриб уни барча турдаги оғир қуроллардан ўққа тутиб келаётганди.

Россиянинг ракета зарбалари оқибатида Харков бош майдонидаги област маъмурияти биноси, шунингдек, Украина ИИВ ҳамда Украина Давлат хавфсизлиги хизмати бинолари вайрон қилинган. Артиллерия зарбаларидан айниқса шаҳар шимолидаги Шимолий Салтовка райони энг кўп жабр кўрган - бу ерда кўплаб турар жой бинолари харобага айланган, аҳоли эвакуация қилинган.

Тереховнинг сўзларига кўра, эндиликда муваффақиятли қарши ҳужумлардан кейин Харков шаҳри беш кундан буён ўққа тутилмаган. Бу вақт мобайнида россиялик ҳарбийлар фақат бир марта Харков аэропорти ҳудуди томон ракета учиришган, аммо украинларнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими уни уриб туширган.

«Россияликлар мунтазам равишда Харковни ўққа тутишди, чунки улар шаҳарга жуда яқин жойлашганди. Ҳудудий мудофаа кучлари ва Украина қуролли кучларининг саъй-ҳаракатлари эвазига улар Россия чегараси томон чекинишди. Ҳозирда Харковда тинчлик ҳукм сурмоқда, одамлар шаҳарга қайта бошлаган», деган Терехов BBC билан суҳбатда.

Терехов шаҳар ўққа тутилиши вақтида трамвай паркининг ярмидан ортиғи ва электр узатиш линияларининг 35 км қисми вайрон бўлгани, шу туфайли маълум вақт давомида жамоат транспорти чекловлар билан ишлаб туришини маълум қилган. Ҳозирча метро фаолияти тикланмайди.

Харков области маъмурияти раҳбари Олег Синегубов шанба куни Харков ўққа тутилмаётганини тасдиқлади, аммо регионнинг бошқа шаҳарлари, жумладан Чугуев, Лозовая, Дергачи ва Золочевга зарбалар йўлланмоқда. У одамларни ҳозирча шаҳарга қайтмасликка чақирган.

«Бу шуни кўрсатадики, бўшашишга ҳали эрта. Бизнинг қуролли кучларимиз душманни сиқиб чиқармоқда ва аҳоли ўз уйларига қайтишни бошламоқда. Бу ҳали ҳам жуда хавфли! Расман эълон қилинмагунча қайтмасликни сўрайман», деган Синегубов. Унинг сўзларига кўра, «чекинаётган душман мутлақо ҳамма жойни, ҳовлиларни, ўрмонзорларни, йўллар бўйларини ва ҳатто болалар боғчасидаги каравотларни ҳам миналаштирган». «Ҳозирда синчковлик билан миналарни зарарсизлантириш бўйича ишлар олиб борилмоқда», дея қўшимча қилган у.

Харков учун жанг

Америкадаги Урушларни тадқиқ қилиш институти (ISW) 13 май куни эълон қилинган тадқиқотида россиялик ҳарбийлар катта эҳтимол билан Харков атрофидаги ўз позицияларини топширишга қарор қилгани ҳақида хулоса берган.