Ўзбекистон Марказий банки 2022 йил апрел ойи учун “Аҳолининг даромадлар кесимида инфляция даражаси ва сезилган инфляция” ҳисоботини чоп этди.

2022 йилнинг апрел ойида ўтказилган сўров натижаларига кўра, респондентлар томонидан сезилган инфляция пасаювчи динамика кўрсатиб, 14,6 фоизни ташкил этган.

Жавобларнинг медиана қиймати 11,4 фоиз атрофида шаклланган.

Шу билан бирга, умумий жавоб берувчилар таркибида сезилган инфляцияни 9-12 фоиз атрофида ҳис қилган респондентлар сони кўпчиликни ташкил қилган.

Респондентларнинг кўпчилик қисми апрел ойида ўсимлик ёғи, шакар, нон, қандолат ва ун маҳсулотлари қимматлаганини сезишган. Ичимликлар, дуккакли маҳсулотлар ҳамда алоқа ва интернет нархи бироз ошганини таъкидлашган.

Фаолият соҳалари бўйича умумий овқатланиш, қурилиш, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги ҳамда тиббиёт соҳаларида фаолият юритаётган респондентлар томонидан сезилган инфляция даражаси бошқа соҳа вакилларига нисбатан юқорироқ шаклланди.

Статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2022 йилнинг апрел ойи якунлари бўйича йиллик инфляция 10,4 фоиз, озиқ-овқат маҳсулотлари инфляцияси эса 13,4 фоизни ташкил этган. Марказий банк ҳисоботида қайд этилишича, истеъмол товарлари нархларининг ўзгариши аҳолининг турли даромадли гуруҳларига турлича қийматга эга бўлган.

Апрел ойида барча даромад гуруҳларида озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўсиши секинлашгани кузатилган ва бу айрим асосий турдаги мева ва сабзавотларнинг янги ҳосили чиқиши ҳисобига нархларнинг мавсумий пасайиши билан изоҳланмоқда.

Қайд этилишича, йиллик ҳисобда озиқ-овқат инфляцияси ўсишининг секинлашгани, айниқса, нисбатан кам даромадли (2–4 млн сўмгача) гуруҳлар учун инфляциянинг сезиларли пасайишига сабаб бўлган.