Якшанба куни Украина мудофаа вазирлиги фейсбукдаги саҳифасида Харковдаги мудофаа кучлари 127-бригадасининг 227-батальони Россия қўшинларини тор-мор этиб, Россия билан давлат чегарасигача етиб келгани ҳақида хабар берди.
Украиналик жангчиларнинг президент Володимир Зеленскийга йўллаган видеомурожаатида жангчилар чегара устунини олиб келиб ўрнатаётгани ҳам акс этган.
«Биз етдик, жаноб президент, биз шу ердамиз! Чегарачилар ҳам биз билан... Жаноб президент, биз етдик!» - дейишади видеодаги ҳарбийлар.
Россия мудофаа вазирлиги Харковдаги ҳарбий ҳаракатлар ҳақида сўнгги бор 13 майда эслаб ўтган. Ўшанда вазирлик «украинларнинг иккита «Град» бараварига ўт очиш реактив тизими» ҳамда «АҚШда ишлаб чиқарилган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими» йўқ қилингани айтилганди.
Ўтган шанбада Харков мэри Игор Терехов BBC билан суҳбатда россиялик ҳарбийлар Украинадаги иккинчи йирик шаҳар атрофидан кетаётганини маълум қилди. Харков области маъмурияти раҳбари Олег Синегубов ўшанда сўнгги беш кун давомида Харков ўққа тутилмаётгани, аммо региондаги бошқа шаҳарларга зарбалар берилиши давом этаётганини билдирганди.
Америкадаги Урушларни тадқиқ қилиш институти (ISW) 13 май куни эълон қилинган тадқиқотида россиялик ҳарбийлар катта эҳтимол билан Харков атрофидаги барча позицияларини ташлаб кетишга қарор қилгани ҳақида маълум қилди.
Бунга сабаб - украин армиясининг муваффақиятли қарши ҳужуми ва Россия қўшинларига қўшимча кучлар етказиб беришдаги муаммолар.

Россия армияси чекинмоқдами?
Америкадаги Урушларни тадқиқ қилиш институти таҳлилчиларига кўра, Россия қўшинлари энди Донецкдан Изюмга қадар ҳудуддаги Украина армиясини қуршовга олиш бўйича режадан воз кечган ва энди кўп эҳтимол билан асосий эътиборни Луганск областини тўлиқ эгаллашга қаратади.
Бу Россия кучларига диққатни янада торроқ секторга жамлаш имконини беради ва улар ушбу участкада ҳал қилувчи устунликка эришишга ҳаракат қилишади. Бу ҳолда россияликларнинг ҳужумларидаги асосий мақсадлар Луганск областининг Украина назоратида қолган қисмининг маъмурий маркази ҳисобланган Северодонецк шаҳри ва Украина кучларининг таъминотига путур етказиш ҳисобланади.
Исроиллик ҳарбий эксперт Давид Гендельманнинг BBC рус хизматига айтишича, Харков ҳудудидаги муваффақиятлар нафақат украин ҳарбийларининг ҳаракатлари, балки Россия армиясининг фронт чизиғини қисқартиришга бўлган умумий истаги билан ҳам боғлиқдир.





















