Ўзбекистон | 10:00 / 18.05.2022
6197
4 дақиқада ўқилади

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ 5 ёшга тўлди

Бугун, 18 май санасида “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти ташкил топганига 5 йил тўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 майдаги ПФ-5044-сонли Фармони билан ташкил этилган “Ўзбекгидроэнерго” АЖ 5 йиллик қисқа давр мобайнида мамлакатимиз гидроэнергетика тармоғини янада ривожлантиришда, қайта тикланувчи энергия манбаи ҳажмини оширишда қатор муҳим ютуқларга эришди.

Алоҳида эътироф этиш лозимки, Жамият томонидан қатор инвестициявий лойиҳалар асосида мамлакатимиз бўйлаб кенг кўламли гидротехник иншоотлар қурилиши ва модернизация ишлари амалга оширилмоқда.

Ўтган давр мобайнида Жамият фаолияти халқаро даражада ҳам эътироф этилди. Хусусан, 2020 йилда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ жаҳонда етакчи “учлик” рейтинг агентликларидан бири ҳисобланган “Fitch Ratings” халқаро рейтинг агентлигининг “B+” (барқарор) рейтингини қўлга киритган бўлса, 2021 йилда Жамият рейтинги “BB-” (барқарор) даражасига кўтарилди.

Бу борада, “Fitch Ratings” халқаро рейтинг агентлиги “Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг нафақат молиявий-иқтисодий ҳолатини ўрганди, балки унинг корпоратив бошқарув тизимини, бизнес стратегиясини, ички норматив ҳужжатларининг юритилиши ва бошқа йўналишларни чуқур ўрганиб, таҳлил қилди. Жамиятда фаолият юритаётган минглаб ишчи-ходимларнинг меҳнати самараси ва рейтинг агентлиги томонидан олиб борилган ўрганишлар, чуқур таҳлиллар ҳамда корхоналар фаолиятининг одил баҳоланиши натижасида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ республикада ишлаб чиқарувчи корхоналар орасида биринчилардан бўлиб “Fitch Ratings” халқаро кредит рейтингининг “BB-” даражасини қўлга киритди.

Шу билан бирга, дунёнинг илғор консалтинг компаниялари жалб қилинди. Жумладан, молия соҳасига “Pricewaterhousecoopers”, рақамли трансформация бўйича Россиянинг “X-Holdings”, корпоратив бошқарув ва инвестиция дастурини қайта кўриб чиқиш учун “McKinsey & Company” корхоналари билан ҳамкорлик ўрнатилиб, Жамиятни ривожлантириш бўйича зарурий маслаҳат ва тавсиялар олинди.

Сўнгги 5 йил мобайнида бир қатор йирик инвестициявий лойиҳалар ҳаётга изчил татбиқ этилди. Гидроэнергетика соҳасида янги ГЭСларни қуриш, мавжуд ГЭСларни модернизация қилиш борасида 30 дан ортиқ инвестициявий лойиҳалар асосида катта ҳажмдаги ишлар олиб борилмоқда.

Жамият томонидан янги ГЭСларни қуриш, мавжуд ГЭСларни модернизация қилиш дастури доирасида Хитой Халқ Республикаси, Россия Федерацияси, Франция, Италия, Германия, Жанубий Корея, Австрия, Туркия, Тожикистон ва Қирғизистон каби қатор давлатлар билан янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш борасида изчил ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.

2017-2021 йилларда Жамият томонидан аввалги мавжуд 36 та ГЭС янгидан қурилган йирик, ўрта ҳамда микро ГЭСлар ҳисобига 50 тага етказилиб, мамлакатимизнинг умумий гидроэнергетик қуввати қарийб 2 052,7 МВт ни ташкил этмоқда.

Бугун – Жамият фаолиятининг 5 йиллик ўзига хос юбилейи билан гидроэнергетика соҳасида фаолият юритаётган барча ишчи-ходимларни самимий муборакбод этамиз! Сизларга узоқ умр, мустаҳкам сиҳат-саломатлик, оилавий бахт-саодат ва туганмас куч-ғайрат тилаймиз.

Янги Ўзбекистон тараққиёти ва фаровонлиги йўлидаги шарафли ва машаққатли иш фаолиятингизда улкан зафарлар доим ёр бўлсин!

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ Ахборот хизмати Ⓣ

Мавзуга оид