Донбассдаги бир неча ҳафталик «кенг кўламли ҳужум»дан кейин ҳам РФ армияси сезиларли ютуқларга эришмади ва фақат Луганск областидаги Попасная шаҳрини ололди, қақшатқич жанглар натижасида бу шаҳар амалда култепага айланган. Россиялик амалдорлар «махсус ҳарбий амалиёт» режа бўйича кетаётганини айтишда давом этишмоқда, аммо Ғарбдаги қатор экспертлар Кремлнинг Украинадаги кампанияси мағлубият билан якунланиши мумкинлиги ҳақида хулоса қилишмоқда.

Полшадаги Rochan таҳлил маркази раҳбари Конрад Музиканинг Reuters агентлигига айтишича, россияликлар армияси Донбассда шу қадар кўп ҳарбийлари ва техникаларини йўқотдики, уларнинг ўрнини тўлдириш тобора қийинлашиб бормоқда. «Ҳозирги ҳолатда [Россияни] ёки мағлубият, ёки сафарбарлик кутмоқда. Оралиқ вариант бор деб ўйламайман», деб ҳисоблайди Музика.

9 май арафасида айрим экспертлар Россия президенти Владимир Путин Ғалаба кунида Украинага расман уруш очиш ёки армияни сезиларли даражада тўлдириш имконини берадиган умуммиллий сафарбарлик эълон қилишини тахмин қилишганди. Аммо бундай бўлмади, ОАВ маълумотига кўра эса Россия ҳукумати захирадагиларни армияга жалб этишга уриниб, қисман «яширин мобилизация» ўтказишни бошлаган.

Арлингтондаги CNA Россия тадқиқотлар институти директори Майкл Кофман Reuters учун берган интервьюсида Россиянинг бутун Донбассни эгаллаш имкониятларини қуйидагича баҳолаган: «Менда бунинг истиқболлари бўйича жуда катта шубҳалар бор». «Россия кучлари жуда ҳолдан тойган ва уларнинг руҳий ҳолати сезиларли даражада чўккан. Офицерлар олдинга юриш истаги билан ёнмаяпти, Россия сиёсий раҳбарияти эса стратегик мағлубият кўриниб қолган бўлса-да, имиллаётгандек кўринади», деб ҳисоблайди Кофман.

Фронтда нималар бўлмоқда?

Америкадаги нуфузли Уруш тадқиқотлари институтининг (ISW) сўнгги ҳисоботида айтилишича, Россия Мариупол тўлиқ қўлга олингани ҳақида баёнот бериш орқали («Азовстал»даги сўнгги украин ҳимоячилари таслим бўлмоқда) ҳарбий муваффақият ҳақида таассурот яратишга уриниб кўради, шунингдек Северодонецкка ҳужум қилишга тайёргарлик кўрилмоқда.

Харков атрофида қарши ҳужумга ўтган украин ҳарбийлари. Фото: Reuters

Россиянинг Луганск областидаги юришлари тафсилотларини баҳолаган америкалик экспертларнинг ёзишича, РФ армияси Лисичанск ва Бахмутга олиб борувчи йўлларни назоратга олишни кўзлаган ва ҳозирча фақат кичик ютуқлар билан кифояланмоқда.