Падерборн шаҳри полицияси бу ҳудудда торнадо юзага келиб, бинолар томини учириб юборгани ва бир неча километрлик масофаларга улоқтириб юборганини хабар қилган. 10 киши жиддий тан жароҳатлари олган, бир аёл оғир аҳволда қолмоқда.

Регионда кучли тўфон жума куни бошланган ва 38 ёшли киши ўлимига сабаб бўлган. Маҳаллий нашрлар полицияга асосланиб хабар беришича, Падерборндан 180 км жануби-ғарбда жойлашган Виттгерт шаҳрида яшовчи бу эркак сув билан тўлган уй ертўласида ток уриши оқибатида ҳалок бўлган.

150 минг аҳоли яшовчи Падерборн шаҳри табиий офатнинг асосий кучини ўзига қабул қилган.

Падерборнда олинган ва ижтимоий тармоққа жойланган видеоларда торнадо устуни кўчалар бўйлаб ўтаётгани ва вайронкорлик келтираётганини кўриш мумкин.

Полиция томонидан эълон қилинган фотосуратларда синиб қулаган дарахтлар ва томсиз қолган уйларни кўриш мумкин.

«Металл листлари, ғилофлар ва бошқа материаллар километрлаб масофаларга сочилиб кетган. Сон-саноқсиз уйларнинг томлари ерга учиб тушган ёки жиддий шикастланган. Кўплаб дарахтлар машиналар устига йиқилган», дея хабар беради Падерборн полицияси.

Падерборндан 30 км масофада жойлашган Липпштадт шаҳри ҳам торнадодан жиддий зарар кўрган. Ҳудуд ўт ўчириш хизмати вакили маълумотига кўра, бу ерда табиий офат вақтида жароҳат олганлар қайд этилмаган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган суратларда Ҳеллингҳаузендаги черков биноси гумбази қулаб тушганини кўриш мумкин.