Донецк области шимолидаги Лиман шаҳрини штурм қилиш бошланган, сешанба куни кечқурун ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган ДХР раҳбари Денис Пушилин шаҳарнинг бир қисми россиялик ҳарбийлар томонидан эгалланганини маълум қилди. Лиманга ҳужум бир неча кун олдин бошланганди.

Сешанба куни россиялик ҳарбийлар ва ДХР «халқ милицияси» кучлари Светлодарск шаҳрини эгаллаган ва маҳаллий маъмурият биносида Россия байроғини ўрнатишган. Бахмут райони таркибидаги Светлодарскда урушга қадар 11 минг киши яшарди, бу шаҳарча район марказидан 28 километр жануби-шарқда жойлашган.

Британия разведкаси Россия ҳарбий бўлинмалари Северодонецк ва Лисичанскни қуршовга олиш учун шимол ва жанубдан аста-секинлик билан туташув нуқтаси томон ҳаракатланмоқда. Орада атиги 25 километрлик масофа қолган.

Северодонецк ва Лисичанск хавф остида қолгани ҳақида Украина Бош штаби ҳам хабар берган: унга кўра, душман Шимолий Донни кечиб ўтиб, агломерациядан шарқда реактив ва стволли артиллериясини жойлаштирмоқчи.

Жануброқда эса россиялик ҳарбийлар Бахмут томон ҳаракатланмоқда ва бу шаҳарни Северодонецк билан боғловчи трассага чиқишган. Бу йўл орқали Северодонецк ва Лисичанскдаги украин кучлари таъминоти ўтади.

Донбассда нималар бўлмоқда?

Россия армияси Украина қуролли кучлари гуруҳини қуршовга олишга ҳаракат қилмоқда. Фронтдан келаётган хабарларга кўра, Россия икки ҳалқали қуршов ҳосил қилишга ҳаракат қилган. У ерда фронт чизиғи ёй шаклини ҳосил қилган - аввалига Изюмдан шарққа Ямпол орқали ўтиб, кейин Рубежное ҳудудида жанубга йўналади, сўнг Северодонецк ва Лисичанскни айланиб ўтади ва кейин Попасная, Горловка ва Донецк орқали жануби-шарқ томон йўналади.

Фронт чизиғи Украина ҳудудига икки нуқтада ичкарига ёриб кирган - шимолда Изюм районида ва жанубда Горловка атрофида - бу бўртиқлар Донбассдаги йирик санот маркази Краматорскда туташиши кўзда тутилган. Бу шуни кўрсатадики, Россия қўмондонлиги камида Донбассдаги Украина қуролли кучларининг энг йирик гуруҳини ўраб олишни ўйлаган.

Аммо сўнгги вақтларда россиялик ҳарбийлар яна иккита кичик йўналишда олдинга силжиётгани ҳақида хабарлар бор - шимолда Ямпол ҳудудида ва жанубда Попаснаяда. Улар муҳим йўллар ўтган икки йирик шаҳар томон йўналган: шимолда Ямпол орқали Словянск томонга, Попаснаядан эса Бахмут томонга ҳужум қилинмоқда. Бу икки шаҳар М03 автомагистрали билан боғланган.